Тунислик талаба ҳикояси - Реал Мадрид, brake-dance ва жиҳод

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Туниснинг Сус шаҳридаги меҳмонхонада қарийб 70 одамни отган 23 яшар талаба - Сайфиддин Резгуийинг 3 ой муқаддам "Исломий давлат" лагерида ҳарбий тайёргарлик олиш учун Ливияга ўтгани айтилмоқда. Яқинлари уни хушмомала йигит, Реал Мадриднинг ашаддий ишқибози ва brake-dance устаси деб таърифларкан, унинг руҳиятидаги сўнгги 3 ойлик эврилишдан бехабар бўлганларини айтмоқда.

Туниснинг Ғофур шаҳарчасида туғилиб-ўсган Сайфиддин Резгуий ночоргина оиланинг фарзандидир.

Бундан ташқари, Сайфиддиннинг диндор бўлмагани, аксинча ўзи туғилиб ўсган кўчада ўсмирларига brake-dance рақсини ўргатиб юрганини хотирлашмоқда.

Шу кунда даҳшатли қотилга айланган 23 яшар талаба ҳаётини ўрганаётган хориж журналистлари у ҳақда фақат яхши гапларни эшитмоқда ва бу ҳол аҳолининг ҳимоясиз қатламлари террорчи гуруҳлар тарғиботи қаршисида нақадар ожиз эканини кўрсатмоқда.

Тунис жанубидаги кичиккина шаҳарчанинг тўпроқ кўчаларини чангитиб ўсган Саиф 4 йил муқаддам ота-онасининг фотиҳасини олиб, қўшни Қайраван шаҳридаги Техника университетига ўқишга кирган.

Ўқишдан бўш вақтларида маҳалласидаги қаҳвахонада официант бўлиб ишлаган ва мижозларнинг кўнглини олган.

Шу кунда полиция томонидан сўроққа тутилаётган яқинлари Саифнинг беш юлдузли меҳмонхонага қурол билан бостириб кириб, 39 кишини отиб ташлаганига ишонолмаётирлар.

Жума кунги ҳужумда Саифнинг қуролидан ўлганлар орасида Германия, Буюк Британия, Белгиядан борган сайёҳлар бор. BBC телеканали берган хабарга кўра, отиб ўлдирилган 15 дан ортиқ британиялик сайёҳ орасида бир оиланинг 3, яна бир неча оиланинг 2тадан аъзоси бор.

Саифнинг қўшнилари бу хабардан даҳшатга тушмоқдалар:

- Саиф тез-тез уйимизга келиб турарди, бизга компьютердан фойдаланишни ўргатарди. Оллоҳ, уни кечирсин. Мен бу ҳужум ҳақида эшитганимда, наҳотки, шу ишни бизнинг Саиф қилган бўлса, деб ёқамни ушладим,- дейди Reuters агентлиги мухбирига сўзлаган қўшнилардан бири.

- Саиф яхши йигит эди. Хушмуомала, уни ҳамма яхши кўрарди. У диндор эмасди, соқол ҳам қўймаганди,- дея ҳайрон бўлади яна бир қўшниси.

Отаси Ҳаким Резгуий беозор ўсмир ўғлининг қисқа муддат ичида совуққон, радикал террорчига айланишига унинг коллежда танишган ўртоқлари сабаб бўлган, деб тахмин қилади.

Терговчилар Саифнинг Қайравандаги хонадонларига оид маълумотларни ҳам аниқладилар. MailOnline сайтининг ёзишича, у бир йил олдин шаҳар марказидаги квартиралардан бирида яшаётган 5 сирли йигитга хонадош бўлган.

Қўшнилари бу йигитларнинг атрофдагилар билан деярли муомала қилмагани, уларни шаҳарнинг Салафий жамоалари вакиллари тез-тез зиёрат қилгани ва бироз муқаддам бу хонадон кутилмаганда бўшаб қолганини айтмоқдалар.

Тунис талабалар иттифоқи Бош котиби Амани Сассининг айтишича, бу йигитлар атрофидагиларнинг назарига тушганига анча бўлган ва маълумотларга кўра, улардан 2 нафари "Исломий давлат"га қўшилиш учун Сурияга кетган. Айни пайтда Тунис полицияси Сайфиддинни таниган хонадошларини қидирмоқда.

Қайраван Техника коллежи маъмурияти эса уни жуда актив талаба, деб хотирламоқда. Сайфиддин Электроник жиҳозлар муҳандислиги факультетида бакалавр босқичини тугатган ва бироз муқадам Авиация бўйича магистратура босқичига ҳужжат топширган.

Ҳозир бу йигит шахсига эътибор қаратаётган ғарб матбуоти унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан баъзи қизиқ маълумотларни ҳам чоп этмоқда.

Илк бор Реал Мадрид футбол клубининг ашаддий мухлиси ўлароқ Facebook тармоғига қўшилган Сайфиддин Резгуий сўнгги пайтларда радикал исломий қарашларни акс эттирувчи постларни қолдирган.

Сўнгги постларидан бирида у "Агар бу дунёда жиҳод қилиш - жиноят бўлса, у ҳолда дунё мени жиноятчи билсин!" мазмунида битик қолдирган.

Аммо, ижтимоий тармоқлардаги бу радикал қарашлари унинг муомаласида акс этмаган кўринади. Зеро, ҳодисадан икки кун олдин у уйига борган. Ўзи официантлик қилган қаҳвахонада ўртоқлари билан учрашган ва футболни муҳокама қилишган.

Эртаси куни эса у амакиси билан учрашиб, ўзининг ўқиши ҳақида сўзлаб берган.

Учинчи куни эса мутлақо хотиржам ва совуққонлик билан Imperial Marhaba меҳмонхонасидаги сайёҳларни отиб ташлаган.

Ҳозир нафақат Тунис полицияси, балки яқинлари ҳам Сайфиддиннинг қандай қилиб қисқа муддат ичида ўта ваҳший қотилга айлангани синоатини тушунишга уринмоқда.

MailOnline сайтининг ёзишича, полиция Сайфиддин Резгуийнинг 3 ой муқаддам яширин йўллар билан Ливияга ўтгани ва ўша ерда ИДнинг лагерларида ҳарбий тайёргарликдан ўтганини гумон қилмоқда. Сайёҳларни қирғин қилган АК-47 автомати ҳам ўша сафардан сўнг яширин йўллар билан мамлакатга олиб кирилгани айтилмоқда.

Тунис ва Ливия ўртасидаги чегара жуда заиф қўриқланади ва норасмий маълмотларга кўра, сўнгги бир йил ичида 3 мингга яқин тунисликнинг чегарадан яширинча ўтиб, "Исломий давлат"га қўшилгани тахмин қилинмоқда.

Мақола халқаро агентликлар материалларига асосланиб тайёрланди