Фаоллар ҳаракати билан Учкўприкда газ-свет таъминоти яхшиланди

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг учкўприклар ҳимояси учун пикетга кўтариб чиққан плакати.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси фаоллари уюштирган пикетлар ва Тошкент-Қўқон автойўлини тўсиш таҳдиди ортидан Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида газ ва электр таъминотидаги узилишлар камайди.

Бу ҳақда Озодликка Альянс билан ҳамкорлик қилиб келган учкўприклик фаол Валиқўзи Қорабоев маълум қилди.

- Баллондаги газни беряпти. Табиий газ йўқ аммо. Лекин халқнинг ўзида ҳам айб бор – ёққан газига пул тўламайди, шунинг учун табиий газ бермай қўйди. Баллонда ташиладиган газ йўқ эди, 2 кундан бери қишлоқларни машинада айланиб юриб, баллонларни тарқатяпти. Свет Ўзбекистонда паққос йўқмас, свет бор. Фақат булар халқнинг қонини ичиб, бир кунда 5-10 маҳаллаб ўчириб қўяверарди. Энди мана, Худога шукур, 4 кундан бери свет ҳам ўчгани йўқ.

Озодлик: Мутлақо ўчмадими ёки аввалгидан камайдими свет ўчиши?

- Камайди, 70% га камайди аввалгидан. Соат (тунги) 12 дан 3-4 гача ўчиряпти, холос. 12 дан кейин ўчирса, ўчираверсин, - дейди Валиқўзи Қорабоев.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги бир неча қишлоқ аҳолиси коллектив хат билан газ ва электр таъминотидаги узилишлардан шикоят қилиб, Тошкентдаги “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси”га мурожаат қилганди.

Ўтган жума альянс раҳбари Елена Урлаева учкўприкларнинг талаби бўйича Тошкентдаги Ҳукумат уйи олдида пикет уюштирган ва уларнинг талаби бажарилмайдиган бўлса, 27 июнь куни Тошкент-Қўқон автойўли тўсилиши ҳақида огоҳлантирганди.

Ўша куни Урлаева Юнусобод туман ички ишлар бошқармасига олиб кетилиб, тушунтириш хати ёздирилганига қарамай, эртаси куни у учкўприклардан хушхабар олган. Улар тошкентлик ҳуқуқ фаолига ўз қишлоқларида суюлтирилган газ ва электр таъминоти яхшиланганини айтганлар.

Буни ўз ҳамкасблари ва учқўрғонликларнинг ғалабаси ўлароқ баҳолаган Елена Урлаева газ, иссиқлик, электр таъминотида узилишлар билан боғлиқ муаммолар шу кунда республиканинг барча вилоятларида кузатилаётганини, бироқ кўпчилик ўз ҳуқуқлари учун курашга ҳафсала қилмаётганини таассуф билан қўшимча қилди.

- Электр ва газ таъминотидаги бу каби узилишлар бизда одатий ҳолга айланиб қолди ва буни ҳозир кўпчилик муаммо сифатида ҳам қабул қилмайдиган бўлиб қолган. Бугунги кунга келиб газ, чироқ ва сув билан тўла таъминланган пайтларини ҳамма унутворган. Кўп одам бундай муаммони кўтаришга қўрқади ҳам. Аммо бу фуқаролар ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларининг бузилиши бўлиб ҳисобланади. Булар билан одамларимиз биринчи навбатда таъминланиши лозим бўлган нарсалардир. Бу шунақа муҳим муаммо бўлгани учун унинг ҳал этилишига катта эътибор қаратяпмиз. Одамларнинг ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш учун акциялар ўтказишгача, ҳатто йўлларни тўсишгача боряпмиз. Бизга ҳар томондан жуда катта босимлар бўляпти. Шунга қарамай, биз фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари учун курашни давом эттираверамиз, - дейди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси Елена Урлаева.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли фуқаролар ҳақлари ҳимояси учун ўтказилаётган акцияларнинг самара беришига шубҳасиз ишонишини ва бу борада постсовет ўлкаларида кечаётган воқеалар ўзбекистонликларга ҳам ўрнак бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

- Ана, арманлар икки ҳафтадан буён майдонда ўтиришибди. Уларни ҳар хил сувпуркарлар билан ҳайдашга, куч қўллаб тарқатишга ҳаракат қилишяпти. Аммо улар ўз ҳақларини талаб қилиб қаттиқ туришибди. Мен бу ерда: “Ҳей, одамлар, келинглар биз ҳам талаб қилайлик. Қанақадир акциялар, қанақадир ҳаракат керак, овоз чиқариш керак”, деяпман. Шу тариқа овоз чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. Ҳаракат қилинса, адолатни тикласа бўлади, - дейди Елена Урлаева.