Самарқандлик Темур: Буйрагимни сотмоқчиман

Таҳририятимизга келган хатлардан бирининг муаллифи буйрагини сотмоқчилигини билдираркан, бу ҳақда уч тилда эълон беришимизни илтимос қилди.

Озодлик бундай эълон бермаслиги тўғрисида хат эгасига жавоб ёздик, жавобда Ўзбекистонда тана аъзоларини сотувга қўйиш қонунга зид эканлигини эслатдик.

Лекин “сотувга қўйиладиган” буйрак эгаси ўзининг ажабтовур илтимоси билан яна ва яна мурожаат қилавергач, мухбиримиз у билан боғланди.

Ўзининг айтишича, эндигина 25 га кирган самарқандлик Темурнинг қандай қилиб мучасини сотиш даражасига етиш тарихи билан танишинг.

Илтимос кетидан илтимослар

“Ismim Temur. Yoshim 25 da” деган имзоли дастлабки хат қуйидаги гаплар билан якунланган эди (Темурнинг хатларидан кўчирмаларни таҳрирсиз келтирамиз):

...Men o'ylab-o'ylab shu xulosaga keldimki endi men buyragimni (buyuragim- byurak) sotmoqchiman. Bundan boshqa menda chora qolmadi. Iltimos shu xatimni rus uzb va eng tillarida tarqating oldindan sizga rahmat.

Темур Озодликдан рад жавобни олгач, бироз жаҳл билан кирилл ёзувида мана бу гапни ёзди:

“Нима бу эълони таркатиб булмайдими? Нега нима учун?”

Темурнинг сўнгги хатида мана бу гаплар бор:

“Ахир сизнинг радионгиз Озодликку шундай эмасми. Ёрдам берсангиз сиздан карздор булиб колар эдим. Сизларни радионгизни миллионлаб инсонлар тинлашади. Агар мен берган эълони радио оркали эълон килинг манашу сизнинг ёрдамингиз булади”.

Темур эмас Темур

Самарқандлик йигит, қўнғироғимизни кутиб ўтирганми, ҳар қалай, телефонини дарҳол очди. Танишдик. Оғир-босиқ, мулоҳазали йигит бўлиб кўринди.

- Нима иш қиласиз, деб сўрадик Темурдан.

- Шу пайтгача ошхонам бор эди. Ўшанинг ортидан пул топардим.

- Темур ўз исмингизми?

- Йўқ, ўз исмим эмас. Исмим сир бўлақолсин.

Ота-онасининг касбини билмайдиган ёлғиз ўғил

“Темур”дан ўзи ҳақда, оиласи, ота-онаси тўғрисида айтиб беришини сўрадик.

Айтишича, ўртаҳол оилада туғилган, отаси ҳам, онаси ҳам ҳаёт, ҳозир улар пенсияда. Лекин Темур уларнинг касб-кори тўғрисида ҳеч нарса билмайди:

- Колхозчи бўлиб ишлаган бўлсалар керакда, улар. Аниғини билмайман.

Ака-укаси, опа-синглиси йўқ – ёлғиз ўғил. Касб-ҳунар коллежини битирган. Лекин Темур қайси коллежда ўқигани, қайси касбни эгаллаганини айтишни истамади.

Қуйида тинглайдиганигиз суҳбат мазмуни:

Темур билан узоқ суҳбатлашдик. Буйрагини сотишдай радикал фикрга келиши сабабларини тушунишга уриндик.

У:

пул топишни 16 ёшидан мардикорлик билан бошлагани;

21 ёшида Самарқандда ошхона очгани;

текшир-текширлардан чарчаб, ошхонасини ёпишга мажбур бўлгани;

банкка ишга кирмоқчи бўлгани;

лекин сўралган порани беришга пули бўлмагани учун ишга киролмагани;

қарзга ботиб кетгани;

оғир операцияни бошидан кечиргани ва ниҳоят буйрагини сотиш фикрига келиб қолиши сабабларини айтиб берди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Буйрагини сотмоқчи самарқандлик Темур билан суҳбат

Самарқандлик Темур буйрагини сотмоқчи бўлган ягона ўзбек эмас

Ўзбекистонлик 23 яшар Акмал ўтган йилнинг кузида ўз буйрагини сотмоқчи бўлиб Россиянинг Краснодар шаҳрида чиқадиган“Изрукинфо” газетасига эълон берган эди. Фақат Акмал лавҳамиз қаҳрамони каби пул ишлаш учун эмас, балки ўз синглисининг ҳаëтини қутқариб қолиш учун бўйрагини савдога қўйган эди.

Ўзбекистон қонунлари нима дейди?

Ҳозирча ҳеч нима.

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси 2012 йилнинг ноябрида одам органлари трансплантацияси тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилган, лойиҳа ўша йил қишида овозга қўйилиши керак эди.

Озодлик мухбири бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланиб, ўша қонун тақдирига қизиқди. Вазирлик мутасаддисининг айтишича, қонун қабул қилинмаган.

Демак, қонун лойиҳаси ҳануз парламент ҳужжатжилдида ётибди ва қачон қабул қилиниши маълум эмас.

Одам органлари трансплантацияси тўғрисидаги қонун йўқ эканлиги самарқандлик Темур ўз буйрагини сотса бўлаверади, дегани эмас. Чунки мавжуд қонунларда

Ўзбекистонда тана аъзоларини сотиш тақиқланган

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабига кўра, тирик одамнинг тана аъзолари сотувга чиқарилиши мумкин эмас.

Айни талаб Россия ва Ўзбекистон қонунчилигида ҳам акс этган.

Фақат энг яқин қариндошларгагина ўз органларини ихтиëрий тарзда эвазига пул олмасдан беморларга кўчирилишига изн берилади.

Трансплантация учун ўз аъзоларини берган донорлар ва беморларнинг исм-фамилияси бундай ҳолатларда тиббиëт сири сифатида ошкор қилинмайди.

Хитойга буйрак қўйдиришга...

Масаланинг қонуний томони ҳал бўлмагани сабабли ўзбекистонликлар буйрак кўчириш операциясини АҚШ, Россия, Германия, Испания, Хитой, Покистон ва Ҳиндистонга бориб ўтаб қайтмоқдалар. Мазкур операция, маълумотларга қараганда, ўртача 35 минг-40 минг АҚШ долларига тушмоқда.