Жаҳон банкининг 200млн. долларига "бетонка" йўллар таъмирланади

Бухородан Хоразмга элтувчи йўлнинг бугунги аҳволи

Жаҳон банки ажратадиган 200 миллион долларлик кредит устига Ўзбекистон 40 миллион доллар қўшиб, МДҲ давлатлари билан боғлайдиган магистрал, халқ тилида эса "бетонка" деб юритиладиган йўлларни таъмирлашни режаламоқда. Бундан ташқари, яна 105 миллион долларлик кредит Самарқанд ва Бухородаги канализация тармоқларини таъмирлашга ажратилди.

Podrobno.uz. сайтида берилган хабарда айтилишича, "Минтақавий йўлларни таъмирлаш" дастури доирасида биринчи галда Тошкент вилоятидаги магистрал ва уларга туташувчи автомобил йўлларини капитал таъмирдан чиқариш режаланган. Бу ҳудудда узунлиги 90 километр бўлган 10та участка таъмирланади.

Иккинчи босқичда Фарғона водийсидаги катта йўлларни таъмирлаш ва қўшни Тожикистон ҳамда Қирғизистонга туташувчи магистрал йўллар инфратузилмасини ривожлантириш кўзланган.

2021 йилгача чўзиладиган таъмирлаш жараёнида жами 300 километр йўлни яхшилаш кўзда тутилган.

Тошкентлик иқтисодчи Тошбек пойтахт ва уни вилоятларга туташтирган йўлларнинг сифати яхшиланишига умид қилишини билдирди.

Зеро, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги автомобил йўлларининг аҳволи мунтазам йўловчи ва ҳайдовчиларнинг норозилигига сабаб бўлиб келмоқда.

Қуйида ижтимоий тармоқларда баҳс бўлган сўнгги видеолардан иккитасини кўришингиз мумкин:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Кўкча мачити ëнидаги йўл ҳолати

Бундан ташқари, Жаҳон банки яна 105 миллион доллар миқдоридаги кредитни Самарқанд ва Бухородаги канализация қувурларини таъмирлашга ажратадиган бўлди. Бунинг учун 2009 йилда ҳам 55 миллион долларлик кредит берилган. Ният икки шаҳар экологияси ва инфратузилмасини чиқинди оқовалар таъсиридан сақлашдир.

1992 йилдан буён Жаҳон банкига аъзо бўлган Ўзбекистон шу кунга қадар қарийб 1 миллиард 800 миллион доллар миқдорида кредит олган. Олинган пуллар, асосан, молия соҳаси, қишлоқ хўжалиги ва бошқа шу каби соҳаларга йўналтирилган.

Жаҳон банкидан келаётган бунча кредитнинг қанчаси кўзланган манзилга етиб боради, қанчаси "ювилади" ва сўнгги кредит миқдоридан сўнг Ўзбекистондаги "бетонка"ларнинг аҳволи яхшиланишига умид қилса бўладими, деган саволларга ўзбекистонлик иқтисодчи Тошбек жавоб берди.

Қуйида иқтисодчи билан қурилган суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Тошкентлик иқтисодчи Тошбек Каримов билан йўллар таъмири ҳақида суҳбат