“Камбағал ўзбек 6 миллион қарз олиб, тўй кортежи учун тўламоқда”

Ўзбекистонда тўй кортежи

Яқинда рўза тугаб Ўзбекистонда тўй мавсуми бошланади. Бу мавсум арафасида Ўзбекистон расмий матбуоти тўйларда ким ўзарга уюштирилаётган “хорижий автомобиллар кортежи”ни тартибга солишни таклиф қилди.

Газета кортежга қарши

Тошкент шаҳар ҳокимияти расмий газетаси “Тошкент оқшоми” газетасида никоҳ тўйларидаги машиналар кортежини тартибга солишга бағишланган мақола эълон қилинди. Мақолада таъкидланишича тўй кортежи “Ғарб оммавий маданиятининг бир кўриниши сифатида” миллат маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мақола муаллифлари никоҳ тўйи учун сўнгги русумдаги қимматбаҳо автомобилларни ким ўзарга буюртма қилиш, автомобиллар карвони билан шаҳар кўчаларини тўлдириб юриш одат тусига кириб бораётганидан ташвиш билдирганлар.

Уларга кўра, уюшган сайрлар асосида видеороликлар ишлаш ва сохта обрў тўплаш учун мазкур видеолавҳаларни ўз саҳифалари орқали ижтимоий тармоқларга жойлаштириш оила иқтисодига тобора катта зарар етказмоқда.

"Понтистон"

Тошкент олийгоҳларидан бирида ўқийдиган ва ўзини Музаффар деб таништирган 22 яшар талаба йигитнинг айтишича¸ никох тўйи кортежига кетадиган ҳаражатлар оилаларга малол келаëтган бўлса ҳам, ëш йигит қизлар учун ўзини баланд кўрсатиш воситасига айланган.

"Тенгдошларим кортеж видеолавҳаларини ижтимоий тармоққа жойлаштириб “понт” қилишади. Буни кўрганлар эса тўйимдаги кортежни бундан ҳам зўр ўтказаман, бундан-да яхши видеоролик тайёрлатиб, ҳаммани ҳайратга соламан деб тиришади. Оғирлиги эса ота-оналар зиммасига тушади," дейди Музаффар.

Йигитлар кортеж тарафдори

“Тошкент оқшоми”нинг шу йил 5 июнь сонида берилган “Яна тўй ва маросимларимиз ҳақида ўйларимиз” мақоласида ëзилишича¸ Тошкентда ўтказилган ижтимоий сўров натижалари ҳам дабдабали кортежларга бўлғуси келин ва куëвларнинг қараши турлича эканини аниқлаган.

Никоҳ маросимларида автомобилларнинг нечоғлик аҳамият касб этиши ҳақида Тошкентдаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровларда иштирок этганларнинг аксари никоҳ тўйига чет эл автомобилларини буюртма қилиш ниятлари борлигини билдирганлар.

Қанча кўп бўлса, шунча яхши

Бўлғуси куёвларнинг 20 фоизи никоҳ тўйи маросимида автомобиль карвонидаги машиналар сони 10 дан ортиқ, 70 фоизи 4 тадан 10 тагача бўлиши, 10 фоизи 2 тадан ошмаслигини кўрсатиб ўтганлар.

Ижтимоий сўровларда йигитлар ўзлари учун маъқул бўлаётган автомобиллар русумларини ҳам белгилашган. Булар – Rolls-Royce Phantom, Mercedes-Benz W222, W221, W221 Pullman, BMW Z4, Porsche Panamera, Pontiac Sosticeлардир.

Номлари қайд қилинган автомобилларнинг хизмат кўрсатиш нархлари ўрганилганда 2 миллион сўмдан 6 миллион сўмгача эканлиги аниқланди.

Тўй маросимлари учун мўлжалланган автомашиналар хизмати учун ҳақ тўлаш нархлари никоҳ ёшидаги йигитларнинг 70 фоизига иқтисодий қийинчиликлар туғдиришини, қолган 30 фоизи буни ота-оналари тўлаб беришини билдиришди.

"Никоҳ тўйида келин-куёв учун қандай автомобиллардан фойдаланган бўлардингиз?" – деган савол билан мурожаат қилинганда, сўровда иштирок этганларнинг чет эл автомобиллари гўё бўлғуси куёвнинг обрўсини кўтараришини таъкидлашган.

Сўров иштирокчиларининг 35 фоизигина оилавий шароитлардан келиб чиққан ҳолда никоҳ тўйига автомобиль буюртма қилишини, 65 фоизи ўз хоҳиш-истаклари устунлигини таъкидлаб ўтишган.

Қизларнинг шиори: ”кортеж ўрнига кир ювадиган машина олайлик”

Сўровда иштирок этган қизларнинг 90 фоизи никоҳ тўйининг кўнгилдагидек ўтишида автомобиллар русуми ва сони аҳамиятли эмаслиги, тўй маросимлари бўлғуси оила аъзоларига қийинчилик туғдирмаслиги лозимлигини қайд этиб ўтишган.

Турмуш қураётган қизлар қимматбаҳо автомашиналар хизматидан фойдаланмасдан, унга сарфланадиган маблағ эвазига рўзғор учун муҳим бўлган, кундалик ҳаётда фойдаланиладиган маиший техника воситаларини хоссатан кир ювадиган машина харид қилиш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлашган.

Ота оналар учун кортеж қимматлик қилмоқда

Ота-оналар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровларда уларнинг 70 фоизи никоҳ маросими учун автомобиль ёллашда иқтисодий қийинчилик келиб чиқаётгани, 30 фоизи эса фарзандининг истагини амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаганлар.

Сўровда қатнашган ота-оналарнинг 85 фоизи тўйларда хизмат кўрсатаётган автомобилларнинг нархлари уларни қониқтирмаслиги ва аҳоли турли қатламларининг даромади ҳисобга олинмасдан белгиланаётгани юзасидан ўз эътирозларини билдирганлар.

Кортеж учун "кўкидан"

Сўров мобайнида хориж автомобиллари учун тўловларнинг ноқонуний равишда чет эл валютасида тўланиши шарт қилиб қўйилаётгани аниқланган.

Сўров иштирокчиларининг 85 фоизи кортеж хизматини кўрсатувчи шахслар фаолиятини ноқонуний фаолият деб билишини, хизматлар лицензияга эга эмаслигини кўрсатиб ўтган.

Ўтказилган ижтимоий сўровлар якунларига кўра, тўй маросимида дабдабали кортежга асосан, йигитлар орзуманд.

Қизлар ҳам “крутой” машинага ошиқ

Суҳбатдошимиз¸ тошкентлик талаба йигит Музаффарнинг айтишича¸ қизлар ҳам “крутой” машинага ошиқ.

"Яқинда курсдошим уйланмоқчи¸ бўлғуси келин хозирданоқ куëвнавкарда қатнашадиган машиналар сони 10 дан кам бўлмаслиги ва улар асосан – Rolls-Royce ва Porsche бўлишини талаб қилиб турибди. Кўп холларда қизлар оëқ тираб фалон машина келмаса уйдан чиқмайман деб жанжал қилишади¸" дейди суҳбатдош.

Мерседесдан қиммат от арава

"Тошкент оқшоми”да таъкидланишича, тўй кортежи “Ғарб оммавий маданиятининг бир кўриниши сифатида” миллат маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тошкентлик талаба йигит Музаффарнинг айтишича¸ баъзи фирмалар “миллий кортеж” пакетини мижозларга таклиф қилмоқда:

"Миллий кортеж анча қиммат. Масалан безатилган от арава ëки баҳмал ўриндиқли извошни кира қилиш мерседес ëки порш машинани кира қилишдан қиммат туради", дейди у.

Кортеж – қашшоқларнинг бир кун бўлса ҳам ўзини бой ҳис қилиш воситаси

Музаффарнинг таъкидлашича¸ аксар йўқсил ота-оналар, 6 миллион сўм қарз кўтариб бўлса ҳам, дабдабали кортеж қилиб беришмоқда.

"Иззат-нафс, деган нарса бор. Кортеж видеога туширилиб, қариндош-уруғ орасида оммавий томоша қилинади. Ўшандай пайтда “паст” машиналар билан кортеж қилган бўлсангиз, гап-сўзга қоласиз. Кейин мен кузатган нарсам шуки, қарз олиб, кортеж қилаëтган камбағал одам бу ишидан афсусланмайди. Ўладиган дунëда мен ҳам лимузин миниб қолай, деб ўйлайди"¸ дейди Музаффар.

Тўй назорат қилиб бўлмайдиган зонами?

2012 йил апрел ойида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида” қарор қабул қилган бўлса ҳам, бу қарор амалда ишламаëтгани айтилади.

1998 йили президент Ислом Каримовнинг тўй-ҳашамларни тартибга солишга оид фармойиши ҳам ишламаганига ҳам ўтган давр гувоҳ.

Ўзбекистонда тўйлар мавзуси охирги бир асрда энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бирига айланган.

Ўтган асрнинг бошларида жадидлар ўз мақолаларида тўйлардаги исрофгарчилик ҳақида куйиниб ёзишган.

Айни пайтда ëш йигитларнинг интернетга юклаган ҳашаматли тўй тасвирлари бу борадаги ўзбеклар орзу-ҳавасини қитиқлаб¸ тўй қандай бўлиши ҳақидаги тасаввурни шакллантирмоқда.