"Чодирхаёл"нинг навбатдаги сонида ўзбекистонлик таниқли хонанда Азиза Ниёзметова билан суҳбатлашдик. Ниёзметова бундан 15 йиллар муқаддам “Бир муҳаббат тарихи” қўшиғи билан санъат шинавандаларига танилган эди. Аслида Азиза Ниëзметова ўз ижодини Хоразм халқ оғзаки ижоди намунаси бўлган халфа қўшиқларини айтишдан бошлаган.
Халфа қўшиқларига оид мотивлар Азиза Ниëзметованинг кейинги қўшиқлари тамалидан ўрин олгани эътироф қилинади.
Умуман, ўзбек поп мусиқасида Хоразм шевасида қўшиқ айтишга мойиллик сезиларли бир ҳодиса.
Насиба Абдуллаеванинг "Бари гал"идан тортиб, "Божалар" гуруҳи қўшиқларигача бу мойиллик кўриниб туради.
Ўзбек поп қўшиқчилигининг катта момоси Тамарахоним айтган “Рўмолим” қўшиғи граммофон карнайларидан янграганига ҳам 70 йилдан ошди:
Рўмолим душди ëпа,
Oлип баринг, ҳай опа!
Рўмолим ичи шойи,
Ичинда бордир ойи,
Oлип баринг, ҳай дойи!
Бу қўшиқ аслида Хоразмда "Халфа" деб аталадиган аëл ашулачиларнинг репертуаридаги қўшиқ эди.
19-аср ва 20-асрнинг иккинчи ярмида Хоразмда Хонимжон халфа, Онажон халфа, Онабиби қори (Ожиза), Шукуржон халфа, Шарифа халфа, Жони халфа, Бибижон халфа, Дурхоним халфа, Киш халфа, Гулжон қори, Ойша кулол халфа, Ёқут халфа Вафоева, Шарифа Нўғай Оташева, Ўғил Нўғай Қурёзова, Ёқут халфа Сейтниязова ва бошқаларнинг номлари халқ орасида танилган эди.
Аëлларнинг хос базмларида, эркаклар кўзидан холи тарзда айтадиган қўшиқлари совет ҳукумати ўрнатилганидан кейин умумхалқ¸ яъни эркакнинг ҳам, аëлнинг ҳам бирдай мулкига айланди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Феминизм дарғалари — Коллонтай ва Цеткиннинг эркин севги ҳақидаги таълимоти Онабиби қорининг муллалар тақиқлаган қўшиқларига яшил чироқ ëқди.
Устидан парда кўтарилган қўшиқларга совет даврида деярли эътироз бўлмади. Боз устига, халфалар ўз қўшиқларига "коммунизм", "Ленин", "инқилоб", деган калималарни киритдилар.
1974 йилда Ўзбекистон телевидениеси ўтказган “Марҳабо талантлар” кўрсатувида бир халфа иккинчи халфага ўртада рақсга тушаëтган қошлари велосипеднинг рулига менгзайдиган ишвали соҳибжамол раққосага қарата "Сиз шу гулни қайси боғдан олдингиз?" деб савол беради.
“Инқилоб нуридан олдим шу гулни, коммунизм боғидан олдим шу гулни” деб жавоб йўллайди иккинчи халфа.
Коммунизм боғидаги “Гул”нинг ортиқча шаҳвонийлиги ўша пайт мулозимларига эриш туюлмайди.
Орадан анча вақт ўтди...
Коммунизм боғлари саробдай йўқ бўлди. Аммо, коммунист давр меваси бўлган раққоса қизлар ишсиз қолмади. (Совет давридан олдин аëлларнинг рақс қилиши ман қилингани боис, эркаклар рақсга тушишган - таҳр.)
Гармон ўрнини Японияда ишланган мусиқий синтезаторлар эгаллади. Халфалар ëқасига митти микрофонлар тақилди.
Совет мафкурасига мос халфа қўшиқлари урфдан чиқиб, шаҳвоний мазмундаги қўшиқлар урчиди.
Ўрдаклар оëғига ипак керак¸
Ëр билан ëтиш учун юрак керак.
Халфа қўшиқлари асл ўзанига, аëлларнинг хос базмларидагина айтилган эркак-аëл муносабатларига қайтди.
Халфа қўшиқчиларига раққоса ўлароқ ижодини бошлаган Азиза Ниëзметова пировардида қадим қўшиқларга янги оҳанг ва эркин руҳ ато қилди. Ўз қўшиқларида эски анъаналарни янги тарзда ифода қилаëтган Азиза Ниëзметовага қўнғироқ қилдик:
Озодлик: Ассалому алайкум Азизахон.
Азиза Ниëзметова: Ассалому алайкум.
Озодлик: Азизахон, сиз билан халфа қўшиқлари ҳақида гаплашмоқчи эдим. Бу қўшиқларни сиз бир оз ўзгартириб айтаяпсиз, буни сабаби нимада?
Азиза Ниëзметова: Мен қўшиқ мазмунини бутун Ўзбекистон тушунсин, дея жумлаларни адабий тилга тўғирлаб қўйдим, холос.
Озодлик: Энди қўшиқлар мазмуни бир оз уятсиз эмасми. Масалан:
Шу ўртада бир бола бор армани¸
Жоним опа¸ шу болага бер мани¸
Жоним опа¸ шу болага бермасанг¸
Шу кун оқшом уйларинда гўр мани.
Азиза Ниëзметова: (Қўшилиб куйлайди) Бу қўшиқ тор даврага мўлжалланган. Аммо сиз билсангиз, бундан ҳам уятсиз қўшиқлар бор. "Ўйнаш тутсанг, ëшидан тут" деган жумлалар бор қўшиқларда. Буни катта даврада айтмаймиз. Умуман, барчани кўзи қўшиқчиларда бўлгани учун биз санъаткорлар маънавият, одобу аҳлоқ борасида бошқаларга ўрнак бўлишимиз керак. Кийимимиз, юриш-туришимиз айтган гапимиз ҳам қуюшқондан чиқмаслиги керак, - деган суҳбатдош кенг омма олдида бемалол айтса бўладиган бир халфа қўшиғини ижро қилиб берди:
Шу ëрни ахтариб топмасам бўлмас¸
Қўлларим бўйнига солмасам бўлмас.