GM Uzbekistan машиналарининг Россиядаги савдоси қисқаришда давом этмоқда

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг Россиядаги савдоси жорий йилда 57 фоизга қисқарди. Бу ҳақда Европа бизнес Уюшмасининг автомобилсозлар Қўмитаси маълумотларига таяниб, берилаётган хабарларга кўра, олти ой ичида GM Uzbekistan қўшма корхонасида ясалган машиналардан 10357 донаси сотилган холос.

Автомобилсозлар қўмитаси келтирган маълумотларга кўра, жорий йил июнь ойида Россияда 1735тагина ўзбек машинаси сотилган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 45 фоизга камроқдир.

Бир пайтлар Россияда бозори анча чаққон бўлган ўзбек машиналарининг Россия бозоридаги ҳиссаси 2015 йил январь-июнь ойларида 1,3 фоизни ташкил қилган холос. 2014 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 2 фоиз бўлган.

GM Uzbekistan ишлаб чиқарган автомобиллар экспортининг асосий йўналиши бўлган Россияда касодга учраётгани Ўзбекистоннинг ўзида харидорларга қўл келмоқда. Шу пайтгача машина олиш учун ойлаб навбат кутган ўзбек харидори GM Uzbekistan автомобилларини қисқа вақт ичида расмийлаштириш имконига эга бўлди. Бундан ташқари ўзбек харидори навбатни яқинлаштириш учун тўлаган порадан ҳам воз кечилгани кузатилмоқда.