Амударёда тошқин хавфи юзага келди

Амударё суви 4,3 метргача кўтарилиб, дарёда тошқин хавфи юзага келиши кутилмоқда.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мамлакат жанубида дарё суви кўтарилиши натижасида қирғоққа яқин ҳудудларни сув босишидан огоҳлантирди.

"Қор эришининг кучайиши натижасида 9-12 июль кунлари Термиз постида Амударё суви 400-430 сантиметргача кўтарилиши кутилаяпти. Сув қирғоқдан тошиши ва яқин ҳудудларни сув босиши мумкин", дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тарқатган хабарда.

Мамлакат синоптиклари иссиқ оби-ҳаво ҳафта охиригача сақланиб қолиши, ҳарорат кундузи +44 даражагача кўтарилишини айтаяпти.