Россия инқироз туфайли Қамбарота -1 ГЭСи қурилишини бошлай олмаяпти

Қамбарота-1 ГЭСи барпо этилиши режалаштирилган ҳудудда ҳозирча асосан байроқлардан бошқа нарса кўзга ташланмайди.

Қамбарота-1 ГЭСини барпо этиш бўйича Қирғизистон билан Россия шартнома тузганига бир неча йил бўлганига қарамай, шу кунгача ГЭС қурилиши бошланишидан хабар йўқ. Барпо этилишига Ўзбекистон қаршилик қилиб келаётган мазкур ГЭСнинг қурилиши Россияда иқтисодий инқироз бошлангани муносабати билан кечикаётгани айтилмоқда.

Қамбарота-1 ГЭСини Россия билан ҳамкорликда барпо этиш бўйича шартнома 2009 йили собиқ президент Қурмонбек Бакиев даврида имзоланган. Бироқ қирғиз-рус муносабатларининг ёмонлашуви натижасида бу лойиҳани амалга ошириш кечиктирилган эди.

2012 йил сентябрида Россия президенти Владимир Путиннинг Қирғизистонга ташрифи чоғида ГЭСни қуриш юзасидан янги шартнома имзоланган. Икки давлат парламентлари бу шартномани 2013 йил бошида ратификациялаган.

Шартномага мувофиқ, Қамбарота-1 ГЭСининг 50 фоиз улуши Россияга берилган.

Қирғизистоннинг Москвадаги элчиси Болот Жунусов Қамбарота-1 қурилиши бошланишининг кечикаётганига Россиядаги инқироз сабаб бўлаётганини айтади:

- Инқирозни барчамиз кўриб турибмиз. Кримга кетаётган кўмакларни ҳам сезаяпмиз. Менимча, Қирғизистонда ГЭСлар қурилишини ўз зиммасига олганлар ҳусусий ширкатлардир. Молиявий томондан кўмак кўрсатишга Россия ҳукумати бошиданоқ рози бўлмас эди. ГЭСларни қуришга жалб қилинувчи маблағ ҳусусий компанияларнинг пули. Компаниялар эса кризисдан чиқишни ўйлаб, ҳайдовчилар тили билан айтганда “тормозни” босиб туришибди, - дейди Болот Жунусов.

Маълумотларга қараганда, Юқори Норинда ГЭСларни қуришга "Русгидро" жалб қилинган бўлса, Қамбарота-1 ГЭСини "Интер РАО" барпо этиши керак эди. Бироқ "Интер РАО" молиявий қийинчиликлар сабабли шартномани бажара олмаётир.

Шундан келиб чиққан ҳолда Қирғизистонда Қамбарота-1 ГЭСини қуришга Хитойни жалб қилиши керак, деган масала кўтарилмоқда. Бироқ бу лойиҳага Хитойни жалб қилиш ва сармоядорларни алмаштириш катта сиёсий муаммога сабаб бўлиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.

Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов Қамбарота-1 ГЭСи асосан геосиёсий лойиҳа бўлгани учун унга Хитойни эмас, Ўзбекистон ва Қозоғистонни жалб қилиш тўғри бўлади, деб ҳисоблайди.

- Хитойнинг давлат заҳираси 3 триллион доллардан ошди. Уларнинг имконияти катта. Бироқ ГЭСнинг иқтисодий фойдаси улар учун унча катта эмас. Очиқроқ айтганда, бу лойиҳанинг иқтисодий фойдасидан кўра сиёсий фойдаси кўпроқ. Бу геосиёсатга таъсир этувчи лойиҳа. Шу сабабли лойиҳага Қозоғистон ва Ўзбекистон жалб қилинса яхши бўлар эди. Ана шунда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам ГЭС лойиҳасини салбий қабул қилмас эди, - дейди Аликбек Жекшенкулов.

Ўзбекистон томони Қамбарота-1 лойиҳасига бир неча йиллардан бери кескин қаршилик билдириб келмоқда. Расмий Тошкент Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши минтақа экологиясига салбий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Россия эса лойиҳани амалга оширишда қўшни давлатларнинг розилиги кераклигини билдирган.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев2013 йилда ўз мамлакати ГЭС қурилишига Ўзбекистонни ҳам шерик қилишдан манфаатдор эканини, бу масалада Ўзбекистон томони ўз позициясини ўзгартиришига умид қилишини бир неча бор айтиб чиққан эди.

Аммо 2015 йилнинг бошларида қирғиз расмийлари Ўзбекистон билан муносабатлар ҳамон ноаниқлигича қолаётганини билдирган.