Жорий ҳафта Жанубий Корея тараққиëтининг устунларидан саналган Фан ва технология университети президенти Тошкентга сафар қилиб¸ иқтидорли ўзбек ëшларининг бу муассасада ўқишига йўл очувчи ҳужжатларни имзолади. Айни пайтда¸ университет расмийсининг Озодликка айтишича¸ инглиз тили ва ўз соҳасини яхши билган ўзбек ëшлари мутахассислиги бўйича магистратура ва докторантурада бепул ўқиш учун Тошкент бюрократиясини четлаб ўтиб имконига ҳам эга.
Жанубий Кореянинг нуфузи энг баланд олийгоҳларини бирлаштирувчи Фан ва технология университети мамлакатни фан ва технология соҳасида бораëтган халқаро рақобатда олдинга тортаëтган қудратли куч саналади.
Сеул ҳукумати томонидан молиялаштириладиган ягона олий ўқув тизими саналган бу университет кейинги йилларда иқтидорли хориж ëшларини ҳам инглиз тилида ўқиб¸ илмий-технологик тадқиқот олиб бориш учун бепул ўқишга таклиф қилмоқда.
- UST (University of Science and Technology)¸ Фан ва технология университети хориждаги талантли ëшларни ўзига жалб қилишга интилмоқда. Билишимча¸ Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини ëшлар ташкил этади ва улар орасида математика¸ физика каби аниқ фанларга иқтидорлилари жуда кўп. Бу ëшлар Корея каби фан ва технология соҳасида тараққий қилган давлатлардан ўрганишга чанқоқ. Ана шундай талантли¸ билимга чанқоқ ўзбек ëшларининг университетимизда ўқишига имкон яратиш мақсадида шу ҳафта президентимиз жаноб Ли Ун Ву Тошкентга сафар қилди¸ деди Озодлик билан суҳбатда мазкур университетнинг Глобал ҳамкорлик гуруҳи (Global cooperation team)бошқарувчиси Ли Пан Ку.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон Фанлар академияси тизимига уйқаш бўлган Корея Фан ва технология университети мамлакатдаги қатор университетларни бирлаштирувчи тизим ва шу боис бакалавр дипломига эга ҳар бир ўзбекистонлик истаган соҳада ўқишни магистратура ва докторантурада давом эттириш учун бизга ҳужжат топширишимумкин¸ деб давом этади жаноб Ли Пан Ку:
- Кореяда ўқиб¸ тадқиқот қилишни истовчи ўзбекистонлик ëшлар¸ IELTS,TOEFL каби инглиз тили бўйича халқаро тестдан ўтганини тасдиқловчи ҳужжат ва университетга кириш тестини топшириши керак. Бу жараëнни улар хоҳласалар¸ ўзлари мустақил тарзда¸ бизнинг Интернет сайтимиз¸ хоҳласалар¸ бакалавр даражасини берган университет маъмурияти орқали қилишлари мумкин. Ҳар иккала имкон очиқ улар учун. Бу тестлардан муваффақиятли ўтган ўзбекистонликларнинг Кореяда ўқиш харажатларини биз қоплаймиз ва уларга яшашлари учун етарли даражада стипендия ҳам ажратамиз (тақрибан ойига 1000-1300 АҚШ доллари)¸ дейди Корея Фан ва технология университети расмийси.
Мазкур университет президенти Ўзбекистонга қилган сафар давомида ҳамкорлик ҳақида шартнома тузишга келишилган олийгоҳлардан бири Тошкент Ахборот технологиялари университетидир.
ТАТУ маъмурларидан бирининг айтишича¸ UST билан имзоланилган меморандумга кўра¸ университет маъмурияти иқтидорли талабаларни ўзи саралаб¸ ўзи дастлабки кўрикдан ўтказади ва Кореяда ўқиб¸ тадқиқот қилишга лойиқ деб топилганлар рўйхатини кореялик профессорлар кўригига тақдим этади.
- Биз билан шартнома тузишдан кўзланган мақсад ҳам шу – иқтидорли ëшларни биз саралаб беришимиз керак. Биз тавсия қилганларнинг ҳаммаси Кореяга бориб ўқиш имконига эга бўлади. Ҳали бу жараëн бошланмади ва қанча талаба юборилишини ўзимиз ҳам билмаймиз. Лекин бунча талаба юборасан¸ деган чеклов йўқ. Биз¸ дейлик 15 та болани танласак¸ корейслар шуларнинг ҳаммасини ўқишга олади¸ дейди ТАТУ маъмурларидан бири.
Ўзбекистон олий ўқув юрти мамлакатдаги энг коррупциялашган тизимлардан саналади ва кириш имтиҳонларида айниқса авжга чиқадиган порахўрлик иқтидорли ëшларнинг олий таълимдан бебаҳра бўлишига жиддий тўсиқ бўлиб келмоқда.
Ўқиш жараëнида ҳам кенг тарқалган порахўрлик¸ таниш-билишчилик боис¸ аксар ëшларнинг ўз иқтидорини намойиш қила олмаëтгани¸ уни лойиқ даражада ривожлантира олмаëтгани айтилади.
Саралаш жараëнини ўта коррупциялашган Ўзбекистон олийгоҳлари қўлига топшириш билан Кореянинг энг нуфузли университетлари ҳам иқтидорли ëшлар қолиб¸ кимларнинг ўғил-қизларига халқаро диплом олиб берадиган машинага айланмайдими¸ деган хавотирларга тўхталган Корея Фан ва технология университети Глобал ҳамкорлик гуруҳи бошқарувчиси Ли Пан Ку¸ корейс олийгоҳларида ўқишни “ҳаммага ҳам чиқармаганини айтади”:
- Биринчидан¸ ўзбек ҳамкорларимиз бизга талабалар рўйхатини тақдим этгани билан¸ сўнгги қарорни корейс профессорлари беради. Улар учун эса¸ даъвогар кимнинг қизи ëки ўғли¸ деган саволнинг аҳамияти йўқ. Иккинчидан¸ биз дунëдаги энг кучли университетлар қаторидамиз ва бизда ўқиш учун ҳақиқий иқтидор¸ қунт ва билим бўлмоғи керак. Бўлмаса¸ улар ўқишни битира олмай уйларига жўнаб кетишга мажбур бўлади. Ҳозиргача фақат биттагина ўзбекистонлик бизда ўқиб битирган¸ холос¸ дейди жаноб Ли Пан Ку.
Корея Фан ва технология университети президентининг Тошкент сафари давомида ТАТУдан бошқа ҳам қатор олийгоҳлар билан ҳамкорлик ҳақидаги меморандум имзоланилган ва бу ҳамкорликнинг келаси ўқув йилидан бошланиғи кутилмоқда.
Ўтган йил октябрида ТАТУ Кореянинг Инҳа университети билан талаба алмашинуви ҳақида келишув имзолаган ва келаси йилдан 3-4-курс талабалари уч ойдан олти ойга қадар Сеул университетида ўқиши мумкин.