МН17 рейсини россияпараст айирмачилар уриб туширганига ишора қилувчи видео пайдо бўлди

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Бир йил аввал Малайзия самолёти уриб туширилишидан кейинги дастлабки дақиқаларда олинган видео пайдо бўлди. Австралияда чиқадиган газета эълон қилган видеода Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар уриб туширилган самолёт ҳарбий эмас, Malaysian Airlines ширкатининг МН17 йўловчи рейси бўлганидан хайрон қолганини кўриш мумкин. Фош этувчи видео 298 киши қурбон бўлган ҳалокатга роппа-роса бир йил тўлган кунда эълон қилинди.

Фожиага бир йил тўлган куни Австралиянинг news.com.au порталида эълон қилинган 17 дақиқалик видеода айирмачилар самолёт қолдиқлари ичида юриб йўловчиларга қарашли нарсаларни бир-бир кўздан кечираётгани тасвирланган. Россияпараст айирмачиларнинг ўзлари мобил телефон ёрдамида олган видеода самолёт Украина ҳарбий самолёти билан адаштирилиб, ракетадан ўққа тутилганига доир дастлабки тахминлар тўғри бўлганига ишора қилади.

Бир йил аввал Амстердам-Куала Лумпур йўналиши бўйича учиб кетаётган йўловчи самолётни Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар назоратидаги ҳудуддан отилган ракета уриб тушириши оқибатида учқич бортидаги 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган эди. Ўшандаёқ исёнчилар самолётни Украинага қарашли жанговар учқич билан адаштириб нишонга олган бўлиши мумкин, деган тахминалар илгари сурилган эди.

News.Com.Au нашрига эгалик қиладиган News Corp. медиа ширкати вакилларига кўра, айирмачиларнинг ўзлари туширган видео бир неча ойлик уринишлардан кейин жорий ҳафта бошроғида Донецкдан яширин тарзда олиб чиқилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

МН17 рейсини россияпараст айирмачилар уриб туширганига ишора қилувчи видео пайдо бўлди

News Corp. вакилларининг билдиришича, видеода самолёт уриб туширилиши биланоқ воқеа жойидан украин ҳарбий пилотларини қўлга олиш учун у ерга Донецкдан бир гуруҳ исёнчилар жўнатилган. Айирмачилар жанговар самолёт урилганда пилотлар парашютдан сакраган, деб ўйлаган.

Видеода ҳалокат жойида юрганлардан бири ўзини Донецк Халқ Республикаси, деб эълон қилган тузилмага доир нишон белгилари аниқ кўринади.

Видеода ҳарбий кийимдаги айирмачилар ҳали тутаб турган самолёт қолдиқлари ичида юриб, украина пилотларини қидираётганини уларнинг ўзаро суҳбатларидан хулоса қилиш мумкин. Лекин самолёт ва қурбонлар тинч фуқаролар эканини кўриб, хайрон ва нима қиларларини билмай қолгани ҳам тасвирдан аён бўлади.

Айирмачилар етакчиси “Фуқаровий самолёт экан!”, дейди ёнида турганларга. Кейин “Улар Су (жанговар учқич-таҳр.) фуқаровий самолётни уриб туширди, бизникилар жанговар учқичини уриб туширди, дейишяпти”, дея қўшиб қўяди.

Рус ва украин тилида гапирган айирмачилар нега йўловчи самолётнинг Украина узра учишига рухсат беришди экан, дея сўрайди. Кейин орқа планда исёнчилардан бирига қўнғироқ қила бошлашади ва у берган жавоблардан нима рўй берганини аниқлашга уринишаётганини англаш мумкин.

Айирмачилар йўловчиларнинг титилиб кетган жасадларини кўздан кечириб, юкларини текшириш асносида уларнинг Австралия ва Малайзия фуқаролари эканини аниқлагач, хайрон қолишади ва саросимга тушишади.

Лекин мудҳиш хато қилиб қўйганларини тушунганлари ҳам исёнчиларни ҳалокат қурбонларининг багажларини титиб, мобил телефонлари, ҳамёнлари ва бошқа қимматбаҳо ашёларни йиғиштириб олишдан тўхтатмайди.

Австралия Ташқи ишлар вазири Жулия Бишоп телевидениеда чиқиш қилиб, “бу тасвирни кўриш одамни кўнглини оздиради. МН17 рейси уриб туширилганидан 12 ой ўтиб ҳам бундай видеонинг пайдо бўлиши жуда хавотирлидир”, дея таъкидлади.

“Бу видео 12 ой аввал қўлга киритилган Malaysian Airlines ширкатининг MH17 рейси ер-ҳаво русусмидаги ракетадан уриб туширилгани тўғрисидага разведка маълумотларини яна бир бор тасдиқлайди”, дея қўшимча қилди у.

Австралия Бош вазири Тони Аббот янги тасвирлар самолётнинг уриб туширилиши зўравонлик бўлгани ҳамда россияпараст айирмачилар “осмонда йирик самолёт учиб кетаётганини билиб турган ҳолда уни уриб туширганини” кўрсатади, дея баён қилди.

Аббот йўловчи самолёт айирмачиларга Россия томонидан тақдим этилган ер-ҳаво русумидаги ракетадан уриб туширилгани шубҳа қилмаслигини билдирди.

“Исёнчилар бу тоифадаги қуролларни тасодифан қўлга кирита олмайди. Бу жуда мукаммал қурол-аслаҳа бўлгани кундек равшан, демоқчиман. Бу қурол Россиядан, чегара ортидан олиб келиниб, кейин улар нима қилиб қўйганларини анлаб етгач, яна Россияга қайтариб олиб кетилганига ишончимиз комил”, деди Австралия раҳбари АВС телеканалига берган интервьюсида.

Фош этувчи видео 298 кишининг ўлимига сабаб бўлган фожиага роппа-роса бир йил тўлган кунда пайдо бўлди.

Украина, Австралия ва Ҳоллдандияда MH17 рейси қурбонларини хотирлаш маросимлари ўтказилди.

Самолёт қулатилган Грабово қишлоғида маҳаллий аҳоли воқеа жойида қурбонлар хотирасига мемориал очиш маъракасида иштирок этишди.

Австралия Бош вазири пойтахт Канберрада Парламент биноси боғида ҳалок бўлган австралияликлар номлари битилган хотира тахтасини очиб берди.

- Улар ҳеч қачон тўлдириб бўлмайдиган жудолик ва тузатиб бўлмайдиган оғриқли ярани қолдириб кетишди. Ҳеч қанда сўз ёки ҳаракат билан уларни қайтариб бўлмайди, уларнинг яқинлари бошдан кечираётган оғриқни юмшатиш қийин. Лекин бугун бутун миллат уларни хотирлаётгани яқинларига бироз далда бўлишига умид қиламиз. Бугун миллатимиз МН17 олиб кетганларни эслайди ва сизга бардам бўлиш, сабр-тоқат тилайди,- деди бош вазир Аббот.

Ҳолландиянинг Ньювехайн шаҳрида қурбонлар яқинлари ҳалок бўлган ҳолландияликлар исмларини бирма-бир ўқиш маросимини ўтказди.

Малайзияда фожиа бир йиллиги Рамазан Ҳайитига тўғри келгани учун хотирлаш маросими 11 июль куни ўтказилган эди.

Сана арафасида, 16 июль куни CNN телеканали ҳолландиялик терговчилар ўтказган тергов хулосаларининг лойиҳа кўринишини эълон қилди. Ҳисобот лойиҳаси билан танишган иккита манбага таяниб, берилган хабарга кўра, ҳолландиялик терговчилар ҳам MH17 рейси россияпараст айирмачилар назоратидаги ҳудуддан отилган Бук русумидаги ер-ҳаво ракета тизимидан уриб туширилган, деган хулосани берган.

Украина Президенти 17 июль куни расмий вебсайтида эълон қилган видео мурожаатида “самолётни уриб туширишда ишлатилган юқори технологияли қурол” фақатгина Россиядан келтирилган бўлиши мумкин, дея таъкидлади.

- Афсуски, фуқаровий самолёт ва ундаги 298 одам Россия ҳомийлик қиладиган жангарилар Украина шарқида эгаллаб олган ҳудуддан амалга оширилган шафқатсиз террор ҳужумига нишон бўлди. Самолётни уриб туширган юқори технологияли қурол террочилар қўлига фақатгина Россия томонидан тақдим этилган бўлиши мумкин. Қўшни давлатнинг энг юқори сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти иштирокисиз, уларнинг тўғридан-тўғри буйруғисиз бу фожиа рўй бермаган бўларди,- деди Порошенко.

Айни пайтда, 16 июль куни Россия Президенти Владимир Путин Ҳолландия Бош вазири Марк Рутте билан телефон суҳбатида МН17 рейсининг уриб туширилиши юзасидагн БМТ трибуналини ташкил қилиш “шошма-шошарлик” ва “контрпродуктив” бўлади, дея баён қилди. Путиннинг бу фикрига жавобан Рутте БМТ трибуналининг ташкил қилиниши “барча мамлакатларнинг терговда ҳамкорлик қилишини кафолатлайди”, дея эътироз билдирди.

2014 йил 17 июль куни рўй берган фожиада ҳалок бўлганлар орасида Ҳолландиянинг 193, Малайзиянинг 43, Австралиянинг 38, Индонезиянинг 12 ва Бритнаниянинг 10 фуқароси бўлган.

Самолёт ўтган йили Украина қўшинлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида жанглар авжига чиққан пайтда уриб туширилган эди.

Киев ва Ғарб самолёт Россия томонидан тақдим этилган БУК русумидаги ракета мосламасидан уриб туширилганини айтиб келишган. Лекин Москва бу ҳалокатга алоқаси йўқлигини иддао қилиб, фожиада Украина ҳаво кучларини айблаётган эди.

News Corp. медиа ширкатрининг билдиришича, ҳалокат юз берганидан кейин воқеа жойига яқин яшовчи аҳолига самолётни жанговар учқич уриб туширгани кўрганларини айтишлари буюрилган.

Ҳозирда Австралия, Белгия, Ҳолландия, Малайзия ва Украина иштирокида ҳодиса юзасидан тергов ишлари давом этмоқда.