Ўзбекистон ва Тожикистондаги матбуот нашрлари “Исломий давлат”га қарши тарғиботни кучайтирмоқда. Бу икки мамлакат матбуотида жангари гуруҳ қўл ураётган зўравонликларга урғу берувчи хабарлар тарқатилмоқда, фуқаролар гуруҳга қўшилиш оқибатлари ҳақида огоҳлантирилмоқда.
Афтидан, “Исломий давлат” ҳақида хабар берувчи нашрларга тўсиқ қўювчи Қозоғистон ҳам эндиликда айрим онлайн хабарларга тўсиқсиз кириш имконини яратмоқда.
Тожикистон
Охирги бир неча ҳафта давомида Тожикистон матбуотида “Исломий давлат” мафкураси ва фаолияти, жумладан, гуруҳ қўл ураётган ваҳший қотилликлар ҳамда аёлларнинг қул қилиниши қораланиб бир неча хабар чоп этилди.
Тожикистоннинг “Ховар” расмий янгиликлар агентлиги директори Озодлик радиоси тожик хизмати билан суҳбатда агентлик фуқароларни “Исломий давлат” қўл урган “ғайриинсоний ишлар”дан бохабар қилиш орқали “ахборот уришига каттароқ ҳисса қўшишга” уринаётганини айтди.
Ўзбекистон
Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш “ахборот уруши” бошланган. Июнь охирида барча йирик телеканаллар, жумладан, “Ўзбекистон”, “Ёшлар” ҳамда “Тошкент” каналлари уч кун давомида “Исломий давлат” идеологиясини қораловчи “Кўзгудаги биз” деб номланувчи ток-шоуларни эфирга узатди.
Шоуларда машҳур кишилар, жумладан, ўзбек киноактёри Эркин Комилов ҳамда мамлакатнинг энг йирик икки масжиди имомлари Қобил қори ва Раҳматилла қорилар иштирок этди.
Ўзбек ток-шоуларида илк бор ўзбеклар жангари гуруҳ сафига қўшилаётгани тан олинди.
Кўрсатувлар давомида ўзбек расмийлари илк бор “Исломий давлат”га қўшилаётган ўзбек ёшлари сони ўсиб бораётганини тан олишди, лекин аниқ рақамларни айтишмади.
Бир эпизоддда ҳатто ўзини Суриядаги “жуҳодчи келин” дея таништирган ўзбек аёл билан жонли телефон суҳбати эфирга узатилди. Суҳбат давомида Суриядаги аёл “Исломий давлат”га қўшилганидан афсусланишини, лекин қочишга имкон топа олмаганини айтди.
Ток-шоуларда жангари гуруҳ одам ёллаш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётгани айтилди. Бу эса экстремистик гуруҳ Интернет орқали ўрта осиёликларни ёллаётгани ҳақидаги хабарларга мос келади.
Ўзбек телеканаллари эндиликда “Исломий давлат” пропагандаси билан курашиш учун бир неча ҳужжатли фильм тайёрламоқда.
Қозоғистон
Қозоғистонда “Исломий давлат” ҳали ҳам “табу” мавзу. Озодлик радиоси қозоқ хизматига кўра, мамлакатда давлат матбуоти етакчилигида “ахборот уруши” олиб борилаётгани йўқ.
Аммо мамлакатнинг жангари гуруҳ ҳақида хабар беришга бўлган муносабати ўзгараётганини кўрсатувчи айрим белгилар пайдо бўлмоқда.
Қозоғистон расмийлари мунтазам равишда “Исломий давлат”, айниқса, жангари гуруҳ сафида жанг қилаётган этник қозоқлар ҳақидаги хабарларга тўсиқ қўйиб келади.
Озодлик радиоси қозоқ хизматига кўра, жангари гуруҳ ҳақидаги охирги хабарларга тўсиқ қўйилмади. Булар орасида ўз паспортини ёқаётганини акс этган суратларни ижтимоий тармоқларда тарқатган қозоқ жангариси ҳақидаги хабар ҳам бор.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати мунтазам равишда “Исломий давлат” сафларида неча қозоқ жанг қилаётгани ҳақида хабар бериб боради.
Қозоғистон телевидениесига “Исломий давлат”га қарши тарғибот етиб бормаган бўлса-да, мамлакат ўз фуқароларининг жангари гуруҳга қўшилиши олдини олиш учун чора кўрмоқда.
Айрим масжидларда “Исломий давлат” муҳокама қилинмоқда, фуқаролар ўз оила аъзоларини жангари гуруҳ сафига қўшилишдан сақлаб қолишга ундалмоқда.
Май ойида Ўрал шаҳрида маҳаллий расмийлар буюртмасига бинон спектакль саҳналаштирилди. Спектаклда асосий қаҳрамоннинг дўстлари Суриядаги жангариларни қўллаш учун ўғирлик қилиб, қўлга тушади. Афтидан, спектаклнинг асосий мақсади “анъанавий бўлмаган ислом” хавфи ҳақида огоҳлантиришдан иборат бўлган. “Анъанавий бўлмаган ислом” атамаси Қозоғистон ва бошқа собиқ совет мамлакатларида исломнинг бошқа фундаменталист оқимларига нисбатан қўлланилади.
Қирғизистон
Озодлик радиоси қирғиз хизмати ходими Гулайим Ашакееванинг айтишича, Қозоғистондан фарқли ўлароқ, Қирғизистонда “Исломий давлат” ҳақида хабар бериш бошидан бери нисбатан очиқ бўлиб келмоқда.
“Қирғизистонда “Исломий давлат” билан боғлиқ мавзулар деярли барча матбуот нашрларда доим “машҳур””,- дейди Ашакеева.
Унинг айтишича, Озодлик радиоси қирғиз хизмати бу борада тайёрлаган икки ҳужжатли фильм қирғиз телеканалида эфирга узатилди.
Озодлик қирғиз хизмати мунтазам равишда Миллий хавфсизлик хизмати ва милициянинг юқори лавозимли расмийларидан, дин пешволаридан интервью олиб туради. Ашакееванинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот расмийлари бу каби хабарларни қўллаб келади.
Нега бу ўзгаришлар рўй берди?
Ўзбекистон ва Тожикистондаги ўзгаришлар Марказий Осиё расмийларининг “Исломий давлат”га қарши курашда матбуотнинг ролига бошқача назар билан қарай бошлаганидан дарак беради.
Озодлик радиосининг Марказий Осиёдаги хизматларига кўра, ҳудуддаги давлат агентликлари орасида ва ичида бу масала бўйича келишмовчиликлар бор: разведка агентликлари “Исломий давлат” ҳақида очиқча хабар беришга қарши, ташқи ва ички ишлар вазирликлари эса жангари гуруҳ билан яхшироқ курашиш учун бу мавзуда очиқ хабар берилишини қўллайди.
Сўнгги ўзгаришлардан Ўрта Осиёдаги айрим разведка хизматчилари жангари гуруҳ тарғиботи билан курашишда сукут сақлаш самарисиз эканлигини тушуна бошлаган, деб хулоса қилиш мумкин.
Ўрта Осиё таҳлилчиси Кристиан Блеуэр “Тожикистонда, ИДга қўшилаётган тожиклар муаммоси хавфсизлик хизмати учун муаммо сифатида кўрилган эди, эндиликда муаммони оммавий тан олиб, турли йўл билан уни ҳал қилиш кераклигини англаб етишди”, дейди.
Аммо Блеурнинг айтишича, Тожикистон ҳукумати матбуотдаги бу ҳаракатлари самара беришига ишонмайди. Агар ҳукумат матбуот жангари гуруҳ тарғиботига қарши самарали кураша олади, деб ишонса эди, бу мақсадга кўпроқ маблағ ажратган бўларди.
Блеуэр Ўзбекистон ва Тожикистон матбуоти совет моделига амал қилаётганини айтади:
“Аввал жиддий муаммо бор эканлигини рад этишади ёки бундан кўз юмишади. Муаммога эътибор бермасликнинг иложи бўлмай қолганидан кейин охир оқибат уни тан олишади ва ёлланаётганлар фикрлашини умуман билмайдиган, жамиятдан узоқлашган, топқир бўлмаган одамлар ишлаб чиққан самарасиз тарғибот ёрдамида муаммо билан курашмоқчи бўлишади”.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида “Исломий давлат”га қарши тарғиб қилишнинг яна бир муаммоли жиҳати – оз одам бу нашрларни ўқийди. Масалан, Тожикистонда аҳвол шундай.
“Рус тилида бўлмаган ва маҳаллий воситалардан фойдаланадиганлар [Тожикистонда] жуда озчиликни ташкил қилади, - дейди Блеуэр.- Шундай экан, маҳаллий матбуот нима ҳақида хабар бераётганининг умуман аҳамияти бўлмаслиги мумкин”.
Чала хабарлар
“Ахборот уруши”га қарамасдан, айрим Марказий Осиё мамлакатларида “Исломий давлат” ҳақида кундалик равишда етарлича хабар берилмайди.
Масалан, Ўзбекистон маҳаллий матбуоти “Исломий давлат” қўл ураётган ваҳшийликлар, жумладан, озчиликларнинг қатл қилиниши ҳамда масжидларнинг вайрон қилиниши ҳақида хабар бермайди.
Ўзбекистон матбуоти яна ҳукумат радикал Исломга қарши курашиш мақсадида кўраётган чоралар, жумладан, масжидларнинг тобора қаттиқ назорат қилинаётгани ёки ифторлик уюштиришнинг ман қилингани ҳақида ҳам лом-мим демайди.
Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири Жоанна Парасюк қаламига мансуб мазкур мақолани инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.