БМТнинг Ироқ бўйича махсус вакили мамлакатда гумманитар ёрдам мақсадларига ажратилган пул етишмаётгани боис оғир аҳволда қолганлар учун озиқ-овқат тақчиллиги юзага келгани ироқликларнинг “Исломий давлат” гуруҳига хайрихоҳлиги ошаётганига сабаб бўлаётганидан огоҳлантирди.
Ян Кубиш 22 июль куни БМТ Хавфсизлик кенгашида қилган чиқишида тушкунликка тушган ироқликларнинг ёрдам излаб жангари гуруҳга юзланаётганига доир хабарлардан “жуда хавотирда” эканини билдирди.
Бир йил аввал Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри Мосулни эгаллаб олган “Исломий давлат” гуруҳи бугунги кунда мамлакатнинг учдан бир қисмини назорат қилмоқда.
“Можаро оқибатида ҳалок бўлаётганлар сони ҳали ҳам юқори бўлиб қолмоқда”, дея таъкидлади БМТ вакили.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Ироқдаги можаронинг авж олиши оқибатида жорий йил 30 апрелига қадар 16 ой давомида 15 минг тинч фуқаро ҳалок бўлган ва 30 мингга яқин одам жароҳатланган.
Кубишнинг айтишича, 8,2 миллион одам, яъни тақрибан ироқликларнинг тўртдан бир қисми тезкор ёрдамга муҳтож, уларнинг ярмига озиқ-овқат етишмаётир.
Ироқликларнинг уч миллиондан ошиғи ўз жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган ва БМТ билан ҳамкорлик қилувчи ташкилотларга кўра, давом этаётган зўравонликлар оқибатида яна бир миллионга яқини қочқинликка юз тутиши мумкин, дея таъкидлади БМТнинг Ироқдаги вакили Ян Кубиш.