Прокуратура тизими Қодировнинг одамларидан тозаланмоқда

Собиқ бош прокурор Рашид Қодиров

Ўзбекистон прокуратура тизимида бир нечта раҳбар мулозим ишдан бўшатилган. Озодликнинг мамлакат бош прокуратурасига яқин манбалари собиқ бош прокурор Рашид Қодиров жорий йил апрелида ишдан олиниши ортидан бу тизимда тозалашлар бошлангани ҳақида хабар қилишмоқда.

"Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тизимидаги бир нечта мулозим ишдан олинган. Прокуратура тизимини собиқ раҳбар Қодировга содиқ кадрлардан тозалаш кетмоқда", дейди манба.

Озодликнинг яна бир манбаси эса ишдан олингани иддао қилинаётган прокуратура мулозими исмини очиқлади.

Манба иддаосига кўра¸ “Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси мулозими 58 яшар Мухтор Зоиров ва яна ўнга яқин мулозим хуфиёна тадбиркорларга акахонликда айбланиб”, ишдан бўшатилган.

Лавозимдан четлаштирилганлар орасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг кадрлар бўлиши бошлиғи Т. ҳам бор.

"Қодировга яқинлиги боис ишдан олинган" яна бир прокуратура мулозимининг Б. Ғоипов экани айтилди. (Ғойипов исмини аниқлаштириш имкони бўлмади- таҳр.)

Озодлик манбаси бу мулозимга тасниф берар экан "Собиқ прокурор Қодировнинг суянган тоғи эди" деган жумлани ишлатди.

Яна бир манбага кўра, бундай "тозалаш" Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти прокуратураларида ҳам бошланган.

Ўзбекистон бошқарув элитасига яқин бошқа бир Озодлик манбасининг айтишича, Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги тозалаш амалиëти Президент ҳузуридаги Миллий Хавфсизлик Кенгаши ва Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) тарафидан амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг апрелида Ўзбекистон бош прокурори лавозимига президент девонида кадрлар масаласи бўйича Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Ихтиëр Абдуллаев тайинланган эди.

Мазкур лавозимга 15 йил давомида қаторасига уч марта тайинланган Рашиджон Қодиров эса мамлакат президент фармони билан “ваколатларининг Конституцияда белгиланган муддати тугагани ҳамда бошқа ишга ўтиши” муносабати билан бош прокурорлик лавозимидан озод қилинган эди.

Рашиджон Қодиров ишдан олинишидан кўп ўтмай юқори мартабали МХХ мулозимларининг ҳибсга олингани кузатилмоқда.

“Коррупционер мулозимлар акахони Рашиджон Қодировнинг прокурорликдан бўшатилиши гайкаларни қаттиқ бурашга имкон яратди", дейди ҳуқуқ-тартибот органларига яқин Озодлик манбаси.

Манбанинг айтишича, прокуратурани тозалаш ғояси ҳозир янги бош прокурор Ихтиëр Абдуллаев ҳали президент девонида бош прокуратура устидан назорат қилувчи мақомда ишлаган пайтидаëқ бошланган.