ЕИ Азимжон Асқаровнинг ишини текшириш учун махсус комиссия юборади

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров турма камерасида.

Европа Иттифоқи Қирғизистонда бир умрга озодликдан махрум этилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг ишини текшириш учун махсус комиссия юборади.

Бу ҳақда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 27 июль куни журналистлар билан ўтган учрашувда маълум қилди.

- Биз бер неча бор таклиф қилдик. АҚШга, Европа Иттифоқига ва бошқа давлатлар вакилларига "суриштиринг, ўз мутахассиларингизни юборинг, биз сизлар билан бирга Азимжон Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқиб, тергов қилишга тайёрмиз" деб айтдик. Бундай қарорни ЕИ қабул қилган. Биз уларнинг келиши кутяпмиз, - деди президент.

Ўтган ҳафта Қирғизистон ҳукумати Азимжон Асқаровнинг АҚШ тарафидан инсон ҳуқуқлари мукофоти билан тақдирланиши ортидан Қўшма штатлар билан ҳамкорлик келишувини бекор қилган эди.

Алмазбек Атамбаев журналистлар билан учрашувда бу қарорини ёқлаб, Вашингтонни Қирғизистондаги миллатлараро тотувликка путур етказишга қаратилган “провокация”да айблади.

Вашингтон келишувнинг бекор қилиниши Қирғизистонга кўрсатилаётган ёрдамни “шубҳа остига” қўйиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

64 ёшли Азимжон Асқаров 2010 йилда 400дан ошиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган Ўш ва Жалолобод воқеаларидан кейин судланган эди.

Халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Асқаровнинг бегуноҳ эканини таъкидлаб, Қирғизистон ҳукуматини уни зудлик билан озодликка чиқаришни талаб қилиб келади.