Қўшиқлари Ўзбекистонда тақиқланганидан сўнг Туркияга чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтган хонанда Абдулазиз Карим ўзи учун ташриф қоғози бўлган “Қурбон бўламан” қўшиғининг яралиш тарихини гапириб берди. Хонанда "Таниш қўшиқлар" рукнининг навбатдаги қаҳрамонидир.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим ижро этган “Қурбон бўламан” қўшиғи ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида ëшлар орасида чандон урф бўлган эди.
Шоир Ҳабибий ғазалига ўша пайтда консерватория талабаси бўлган Абдулазиз Каримнинг ўзи куй басталаган ва ижро қилган бу қўшиқ илк бор “Менинг шаҳрим” FM радиосида хит бўлган.
Абдулазиз Карим айтган бу қўшиқ ëш ва қари¸ бой ва камбағалга бирдек ëққани эсланади. Иддао қилинишича, бой тадбиркор Салим Абдувалиев ҳам бу қўшиқни севиб тинглаган.
Сал ўтмай бу қўшиқ "Гранд" радиоси тўлқинларида кунора айлана бошлади, Ўзбекистон телеканалида клип тарзида суратга ҳам олинди.
Қўшиқлари Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилганидан сўнг Туркияга чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтган Абдулазиз Карим Озодликка билан суҳбатда ташриф қоғозига айланган “Қурбон бўламан” қўшиғининг яралиш тарихини гапириб берди:
- Ашулачининг ўзининг визит картаси бўладида. Мени ҳамма кўрса “Қурбон бўламан” деб чақиради. Ҳеч ким Абдулазиз Карим, деб чақирмайди ҳалигача. Ана “Қурбон бўламан” кетаяпти ëки ана “Қурбон бўламан” дейишади. Визит карта шу бўлиб қолган менда ҳалигача. Туркияда бўлсам ҳам кўчада ўзбеклар кўриб қолса, ана “Қурбон бўламан” кетаяпти, дейишади.
Озодлик: Ҳабибий домланинг ижоди билан танишмиз. Бу қиз болага бўлган муҳаббат учун ëзилмаган матн. Оллоҳ йўлида қурбон бўлиш бўлса керак ҳар ҳолда.
- Албатта.
Озодлик: Бошқа тарафдан одам бир нарсани такрорлайверса, ўша орзу ижобат бўлади. Қайсидир маънода Ўзбекистонда шоу бизнеснинг қурбони бўлмадингизми? Чиқиб кетдингиз. Қурбон бўламан, деб айтавериб, ўзингиз ҳам қурбон бўлмадингизми?
- Аслида ўзи қанақа қўшиқ айтсанг, ўшанга дучор бўласан, деган эски устазода ҳофизларимизнинг гапи бор эди. Масалан, ўлим ҳақида айтиш мумкин эмас, дейишарди. Раҳматли Муҳриддин ака ўлим ҳақида кўп айтганлар. Ўзлари ҳам ўтиб кетдилар. Нуриддин Ҳайдаров ҳам ўлим ҳақида айтганлар. Яъни, шунақа хислатли жойлари бор. Қурбон бўламан-ку майли, ўйлайманки менинг қилган хатоим, Аҳмад Яссавий ҳикматларига қўшиқ ëзганим катта хато бўлган. Бандалик, билмасдан шу ишни қилиб қўйганман. У пайтда етарли илмим бўлмаган-да. Унақа авлиë одамларнинг матнига қўл уриш керак эмас экан. “Фарëд урсам мен” деган қўшиғимни Аҳмад Яссавий ҳикматидан олганман. Барибир юки тушаркан у нарсанинг, таъсири бўларкан. Шуни ўзим билдим, сездим. Ҳар битта матнга эҳтиëткорлик билан ëндашиш керак.
Озодлик: Дарвешлар кашкулларини силкитиб айтиб юрганку ë Оллоҳ, деб. Сиз айтган ҳикматларни айтиб юришган-ку. Уларга юки тушмаганми? Улар ҳам одамку.
- Дарвешлар билан Абдулазиз Каримнинг фарқи катта. Дарвешлар сўфийликнинг еттита мақомини босиб ўтади-да. Биринчиси маърифат, яъни илм эгаллаш. Қуръонни ëддан билади, ҳадисдан. Охирги Фанофиллоҳ, деган еттинчи мақомига чиққандан кейин улар дарвешона яшаб юраверади. Улар суфф, деса одамни кўр қиладиган даражадаги кучга эга бўлади. Мен дарвеш бўлишим учун еттита мақомни босиб ўтишим керак. Жуда оғир нарса. Дарвеш бўлиб одам туғилади. У Оллоҳдан белгиланган бўлади. Бу нарса менга берилмагани учун менга шу нарсанинг юки тушди, - дейди Ўзбекистонлик таниқли хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим Озодлик билан суҳбатда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистонлик таниқли хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим кўпчилик жиноят оламига алоқадор деб биладиган Салим Абдувалиев ҳақида қўшиқ айтгани учун қўшиқлари Ўзбекистонда тақиқлаб қўйилгани ва 2011 йилнинг сентябрида мамлакатдан чиқиб кетганини айтиб келади.
Озодлик билан суҳбатда Абдулазиз Карим Ўзбекистонда Давлат телевидениеси, “Ўзбекнаво”, Маданият вазирлигидаги баъзи мулозимлар қўшиқчилар олдига тўсиқлар қўйиш билан шуғулланишини айтиб, уларни порахўрликда айблаган эди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист 41 ёшли Абдулазиз Карим барча қўшиқларини ўзи басталаган саноқли ҳофизлардан ҳисобланади.