"Ўзбекнаво" Лоланинг Facebookдаги суратларига эътироз билдирди

«Даракчи» нашрининг ёзишича, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси хонанда Лоланинг Facebook тармоғидаги суратларини ҳам мониторинг қилмоқда.

Нашрга интервью берган бирлашма мулозими Одилжон Абдуқаҳҳоров бу аҳволда хонандага лицензияси қайтарилмаслигидан огоҳлантирган.

"Кўрамиз, бу иш қаергача бораркин. Афтидан, Лола ўз ижодий фаолиятини давом эттириш ниятидамас. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси нафақат Лола, балки бошқа хонандаларнинг ҳам омма олдидаги ҳулқи ва фаолиятини кузатишда давом этади. Ижобий натижаларга эришмас эканмиз, лиценция қайтарилмайди", деган иқтибос келтирилади Одилжон Абдуқаҳҳоровдан, газетага таяниб хабар тарқатган 1news.uz сайтида.

Айни пайтда, бирлашма мулозими санъат аҳлининг уйида исталган кийимда юриши мумкинлиги, аммо омма олдида миллий қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши кераклигини таъкидлаган.

“Ярим-яланғоч” кийиниб, саҳнага чиққани учун жиддий танқидга учраган 29 яшар ўзбек хонандаси Лоланинг лицензияси 14 июль куни "шартлар бузилгани" учун муддатидан аввал тўхтатилган. Озодлик манбаси бу жазо Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонованинг танқидидан сўнг берилганини айтган.

Бу ҳақда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси расмий сайтида билдирилган:

“Хонанда Юлдашева Лола Равшанбековна томонидан Лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартлар бузилгани сабабли, хонанда номига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сон Қарорининг 1-иловаси 35-бандига асосан, 2015 йил 14 июлдан тугатилганлигини маълум қилади”, дейилади ҳужжатда.

Бундан олдин Лола Йўлдошеванинг саҳна кийими "Ўзбекнаво"да муҳокама қилиниб, хонандага расмий ҳайфсан эълон қилинган эди.

"Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси “талаб ва қоидаларни бузган” уч нафар қўшиқчини лицензиядан маҳрум қилиб, Илҳом Фармонов дохил 11 нафар қўшиқчига ҳайфсан берган.