Қорасувлик имом Рашодхон қори Камолов судида имом ишига оид экспертизалар юзасидан ўз хулосасини бермоқчи бўлган россиялик ҳуқуқ фаоли Виталий Пономаревнинг чиқиш қилишига рухсат берилмади.
4 август куни Қорасув туман судида бўлиб ўтган маҳкамада Камоловнинг адвокатлари судга бир неча ҳужжат ва Россиянинг “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти вакили Виталий Пономаревнинг хулосасини тақдим этган.
Камоловнинг адвокатлари суддан Қорасувга етиб келган москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономаревнинг маҳкамада иштирок этишини сўраган. Бироқ прокурор Нурлан Абдиразақов Пономаревнинг бошқа давлат фуқароси экани, маҳкама учун қирғизистонлик мутахассислар хулосалари ҳам кифоя эканини рўкач қилган. Пировардида Пономарев гувоҳлар минбарига таклиф қилинмади ва судья бу масалани очиқ қолдирди.
Суддан сўнг Озодлик Виталий Пономарев билан боғланди ва ундан маҳкамада бермоқчи бўлган маълумотлари тўғрисида сўради.
Виталий Пономаревга кўра, у маҳкамада имомнинг маърузаси ёзилган дисклар бўйича аввал берилган экспертизалар юзасидан хулосалари ҳамда адвокатлар илтимоси билан ўзи ўтказган изланишлар ҳақида гапирмоқчи бўлган.
- Ҳеч қайси дискда Камолов Қирғизистон қонунчилигида тақиқланган ҳаракатларга чақирган, деб бўлмайди. У келажакда халифалик бўлишига ишонишини айтиши ва шунга ишонишга чақиришини ноқонуний, дея қабул қилинолмайди. Ёки яна бошқа ёзувларда у соқол қўйиб юрувчи одамлар муаммога дуч келаётгани ва бундай ҳол бўлмаслиги учун қирғизистонлик сиёсатчилар билан ишлаш кераклигини айтади. Бу ҳам қандайдир эсктремистик ҳаракатларга чақириқ эмас, балки мусулмонлар муаммосини ҳал қилиш учун мавжуд қонунлар асосида диалог ўрнатишга чақиришдир, - дейди Виталий Пономарев.
Ҳуқуқ фаоли хулосасида Камоловнинг иши юзасидан берилган тўққиз экспертиза хулосасига баҳо берилган.
- Экспертизаларнинг кўпи декларатив характерга эга. Уларнинг аксарияти декларатив формулировкалардан иборат ва хулосаларнинг аксари экспертиза мазмунига мос келмайди. Экспертизаларнинг деярли биронтасида имом Камолов чақириқларининг батафсил анализи йўқ. У ерда яна кўплаб камчиликлар бор. Шундан келиб чиққан ҳолда, ўтказилган экспертизалар холислик ва илмий мезонларга мос келмайди. Экспертиза матни ва чиқарилган хулосалар ўртасида мантиқий боғлиқлик йўқ, - дер экан Виталий Пономарев ўтказилган экспертизаларнинг сифати масаласи Қирғизистонда аввал ҳам кўтарилганини қўшимча қилди.
Виталий Пономарев экспертиза хулосаларини ўрганиш мобайнида ўзида:“Қирғизистондаги вазиятга оид ҳар қандай танқидий баҳо ҳозирда мамлакат хавфсизлиги учун таҳдид сифатида қабул қилинаётган экан” деган таассурот пайдо бўлганини айтади:
- Агар масалага бундай ёндошиладиган бўлса, у ҳолда Қирғизистондаги ҳар қандай танқидни, сўз эркинлигини тақиқлаш керак. Мен буни бемаъни ҳолат, деб ўйлайман. Менимча, хулоса ёзган кўп экспертлар етарли билимга эга эмас ва уларнинг хатти-ҳаракати Қирғизистон қонунчилигида кўзда тутилган эркинликларга зиддир, - дейди Виталий Пономарев.
Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридан бўлган ва Фарғона водийсида танилган 37 ёшли ўзбек имоми Рашодхон қори Камолов Қирғизистон Жиноий кодексининг 299-моддасининг бир неча бандларида айбланмоқда.
У шу йилнинг 9 февраль куни ўз уйидан бир неча ниқобли милиция ходими етовида Қорасув милициясига олиб кетилган, сўнгра Ўш шаҳар милициясига олиб келиниб, ҳибс қилинганди.
Рашодхон қори Камолов иши юзасидан маҳкама Қорасув туман судида 23 июлдан бери давом этмоқда.
4 август куни бўлиб ўтган маҳкамада қорасувлик бир гувоҳ кўрсатмаси тингланган, кўрсатма бермоқчи бўлган яна икки аёлга эса “гувоҳлар рўйхатида йўқсизлар” деган важ билан рад жавоби берилган.
Камолов иши бўйича навбатдаги маҳкама 11 август куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.