Украинада айирмачиларга қўшилган қозоғистонлик қамалди

Шарқий-Қозоғистон вилоятида яшовчи фуқаро Украинада айирмачилар томонида туриб жанг қилганликда айбланиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Вилоят суди матбуот котиби Даулет Кенжебаевнинг Озодлик радиоси қозоқ хизматига айтишича, судланган қозоғистонлик Украина жануби-шарқида россияпараст айирмачилар сафида туриб хизмат қилган.

Судланувчини хорижий давлатларнинг ҳарбий можаросида иштирок этганликда айбдор деб топилган.

Судланувчи шахс 2014 йилнинг ёзида Луганск яқинидаги ҳарбий тўқнашувларда иштирок этганини тан олган. Бироқ у ҳеч кимга қарши ўқ узмагани, яраланиб шифохонага тушганини айтган.

Украина расмийларига кўра, мамлакат шарқида айирмачилар сафида жанг қилаётганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор, уларнинг​асосий қисми Россия махфий идораси ходимлари ва ҳарбийлари томонидан “вербовка” қилинмоқда.

Ўзбекистондаги Мудофаа ишлари бошқармалари мутахасисларига кўра, Украинада ҳукумат тарафида ёки айирмачилар томонида туриб жанг қилаётганлар ҳамда Сурияда жанг қилишга ёлланган ўзбекистонликлар Жиноят кодексининг “Ёлланиш” моддасига кўра, жазога тортилади:

“Моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.