Қирғиз-қозоқ чегарасида божхона тўсиқлари олиб ташланди

Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) нинг тўлақонли аъзоси бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевлар баёнот берди.

Бугун қирғиз-қозоқ чегарасидаги “Ақжўл” чегара-ўтказиш масканида Қирғизистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига киришига бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Унда маскандаги божхона тўсиқлари рамзий равишда олиб ташланди. Бундан буён Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасидан ўтаётганлар божхона назоратидан ўтмайдилар.

Қирғизистон билан ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасидаги божхона чекловлари бекор қилинди.

Қирғизистон ҳудудида ЕОИИ аъзолари иқтисодий фаолияти учун бир хил тариф ва бир хил товар номенклатураси ҳамда маҳсулотларга Божхона иттифоқининг техник регламентларига биноан ўрнатилган бир хил талаблар кучга кирди.

Маросимда Қирғизистон бош вазири Темир Сариев ва Қозоғистон бош вазири ўринбосари Бақитжан Сағинбаев иштирок этишди. Айни пайтда Иссиқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрида бўлган икки мамлакат президентлари Алмазбек Атамбаев ва Нурсултон Назарбоев телекўприк воситасида бу маросимда қатнашдилар.

ЕОИИга Арманистон, Белорус, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо.