Тошкентда президент йўлидаги уйлардан қора ойна ва кондицонерлар олиб ташланяпти

!3-трамвай йўли ҳам президент трассасининг хавфсизлиги учун бузилганлиги айтилади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳар куни Оқсаройга қатнайдиган Тошкентнинг Нукус кўчасидаги турар жой ва ташкилотлар биноларининг қорайтирилган ойналари, кондиционер ва сунъий йўлдош антенналари олдириб ташланяпти. Маҳаллий ҳокимият бу талабни бажармаган уй эгаларини катта миқдордаги жарима билан жазолаш билан таҳдид қилмоқда.

Тошкент шаҳар Миробод тумани ҳокимлиги қарори билан президент Ислом Каримов ишга қатнайдиган Нукус кўчасининг икки томонида жойлашган барча биноларнинг ташқи кўриниши қайта реконструкция қилинмоқда.

Ҳокимиятнинг бу топшириғини бажаришга тумандаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари масъул қилиб қўйилган.​

Уй-жой мулкдорлари ширкатлари аҳолидан дераза ромларини оқ рангга бўяшни, қорайтирилган дераза ойналарини алмаштиришни, сунъий йўлдош антенналари, кондиционерларни ва дераза соябонларини уй фасадидан олиб ташлашни талаб қилмоқда.

Уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан аҳолига тарқатилган огоҳлантирув хатида айтилишича, агар одамлар бу талабларни бажармаса қонун бўйича маъмурий жавобгарликка тортилади.

Уй-жой мулкдорлари ширкатининг аҳолига огоҳлантирув хати

Нукус кўчасидаги уйларнинг бирида истиқомат қиладиган пенсионер Евгения Павловна ҳокимиятнинг бу қароридан ҳайрон қолганини айтар экан, ёз фаслида кондиционерсиз яшашни тасаввур қилолмаслигини айтади:

- Майли дераза ромларини оққа ҳам бўяймиз, соябонларни ҳам олиб ташлаймиз. Лекин бу йилгидек иссиқ 50 даражага чиқса, бетон уйларда кондиционерсиз нима қиламиз? Кимнидир уйидаги хоналар икки томонда бўлса, кондиционерини нариги томонга ўтказиб қўяр, лекин бошқаларчи? Бир қарор чиқаришдан олдин салгина каллани ишлатишса бўлмайдими, деди Евгения Павловна.

Нукус кўчасида жойлашган “STROY MARKET LUX” ташкилотининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, бу қарор туфайли улар президент йўлида жойлашган дўконларини икки ойга ёпишга мажбур бўлган:

- Бизга ҳам кўча томон деразалари ромларини оққа бўяшни, қорайтирилган деразалар ва кондиционерларни олиб ташлашимизни айтишди. Бу жуда катта иш. Шунинг учун икки ойга ёпилдик. Ҳозир дизайнерларимиз кондиционерларни бинонинг ичига ўрнатиш ҳақида бош қотиришмоқда, деди мулозим.

Миробод тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Нукус кўчасидаги уйларнинг реконструкция қилиниши президент хавфсизлиги ва ободонлаштириш учун қаратилганини айтди:

“Энг аввало юртбошимизнинг хавфсизлиги учун. Қорайтирилган ойнанинг ортида ким турганини билмайсизку. Иккинчидан эса, президентимиз шу кўчадан доим ўтадилар, уйлар чиройли бўлса, ҳар қанақа нарсалар биноларнинг ташқи кўринишини бузиб турмаган бўлса, яхшида. Бу ободонлаштириш дейилади”, деди ҳокимлик мулозими.

Тошкентда президент ўтадиган йўл атрофида хавфсизликни таъминлаш бўйича бундан олдин ҳам бир қанча чора-тадбирлар қўлланилган.

Июль ойининг охирида президент ўтадиган Буюк Ипак йўли метроси атрофидаги дўкон ва бекатлар ҳамда уйларнинг президент трассасига қараган балконлари бузилиши кутилмаганда бошланган эди.

Бу воқеадан уч-тўрт кун ўтиб президент трассасининг бир қисмидан ўтадиган 13-трамвай йўли ҳам бир куннинг ўзида бузиб ташланди.