Бугун эрталаб Тошкентнинг Бек Барака бозорида ёнғин чиқди.
Воқеа гувоҳларининг ижтимоий тармоқларда хабар беришича, Бек Барака бозори ичидаги овқатланиш шохобчаси 21 август куни эрталаб ёна бошлаган. Ёнғин тез орада ўч ўчирувчилар томонидан бартараф этилган.
Ёнғин пайтида воқеа жойида бўлганлар бу борадаги суратларни Facebook ижтимоий тармоғидаги “Водитель Ташкента” саҳифасида эълон қилган.
Ёнғин тафсилотлари, кўрилган зарар ва жабрланганлар ҳақида расмий маълумотлар йўқ.
18 август куни Озодлик радиоси Тошкентдаги “Беруний” метро бекати яқинида жойлашган озиқ-овқат бозорида ёнғин чиққани ҳақида хабар берган эди.
Ўзбекистон бозорларида тез-тез ёнғин чиқиб туради. Масалан, бундан бир йил аввал 18 августга ўтар кечаси Тошкентдаги “Тахтабозор” қурилиш маҳсулотлари бозорида, 2014 йилнинг 12 августида эса “Қатортол” бозорида ёнғин чиққан эди.
Расмийлар бу ёнғинларга электр симларидаги қисқа туташув сабаб бўлганини билдирган.