Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида янги ўқув йилидан бошлаб дарс пайтида жума намозга борган мактаб ўқувчиларига чора кўрилади. Ҳокимият, шунингдек, намоз баҳонасида иш ўрнини ташлаб кетган давлат идоралари ходимларини ҳам назорат остига олмоқчи.
Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили Жумагул Эгамбердиевага кўра, сентябрдан бошлаб ўқувчиларнинг дарсга узликсиз қатнашишлари рейдлар ўтказиш орқали назорат қилинади.
- Бунинг сабаби, жума намози куни болалар ўқишдан қолиб, масжидга кетаяпти. Хеч ким ислом динига, мусулмонликка қарши эмас. Бироқ бу иш ўқувчиларнинг адашиб, бошқа йўлларга кириб қолишини олдини олиш учун қилинмоқда, - деди Жумагул Эгамбердиева.
Вилоят қозиси Абдулазиз Зокировга кўра, ҳокимиятнинг бу ташаббусини вилоят уламолари ҳам қўллайди.
- Масжидга келган одамнинг барчаси тўғри йўлда деб айтиш қийин. Уларнинг орасида нотўғри оқимларда юрганлар ҳам бор. Биз уларнинг барчасини назорат қилолмаймиз. Шу сабабли, ўшандай нотўғри йўналишда юрган фуқаролардан жамоатларни сақлаб қолиш мақсадида шу ишлар қилинмоқда. Жамоатчилик ҳам буни тўғри тушуниши керак. “Ёш болаларни масжидга боришини тақиқлашмоқда”, дегандан йироқмиз. Фақат ёш болаларни нотўғри оқимларга қўшилишдан сақлаб қолиш мақсадида қилинаяпти бу ишлар, - дейди Абдулазиз Зокиров.
Жамоатчилик орасида бу ташаббус турли фикрларни пайдо қилмоқда. Бу ташаббусга норози бўлаётганлар, давлат мажбурий билим бериш билан бирга, одамнинг шахсий фикрига ҳурмат билан муносабатда бўлиши керак деган фикрда. Уларга кўра, болаларга турли тақиқларни қўйиш орқали эмас, ота-оналарга тушунтириш орқали иш қилиниши керак.
Вилоятнинг Бекабод қишлоғи яшовчиси Икром Қапаров эса балоғатга етмаган болаларнинг масжидларга боришини бутунлай тақиқланиши тарафдори.
- Алҳамдулиллоҳ, мусулмон бўлгандан кейин намоз ўқиши керак. Бироқ ёши етганида ўқиши керак. Мусулмончиликда билимни ҳам тенг олиб бориши кераклигини айтилган. Динда ўғил болаларга 12 ёшдан бошлаб намоз ўқиш буюрилган. Шунда ўқиса яхши бўларди. Ҳозир кўп ёшлар тушуниб-тушунмай турли оқимларга кириб кетмоқда. Шу ҳам илимнинг йўқлигидан бўлаяпти. Илимни яхши билса, бундай йўлларга қўшилмайди. Бу ташаббус яхши бўлган. Буни ҳукумат ҳам назоратга олиши керак, -дейди Икром Қапаров.
Жалолободдаги 469 ўрта таълим мактабида 210 мингдан ортиқ ўқувчи билим олади.
Сўнгги пайтларда, ўқувчилардан ташқари жума намозга боришни баҳона қилиб иш ўрнини ташлаб кетаётган давлат идоралари раҳбарлари ҳам танқид қилинмоқда. Бундай назорат уларга нисбатан ҳам олиб борилиши мумкин.
Ҳукуматининг Жалолободдаги мухтор вакили Жумагул Эгамбердиеванинг айтишича, раҳбарларга ҳам ҳозир бу борада огоҳлантириш берилмоқда.
Маълумотларга кўра, Жалолобод вилоятидан Суриядаги жангларда қатнашиш учун 72 одам кетган. Сўнгги 6 ойда Сурияга кетаётганлар орасида ёшлар икки баробарга кўпайгани маълум бўлган. Шу сабабли ушбу ташаббус кўтарилиб, ҳозирда турли соҳа вакилларидан иборат комиссия тузилмоқда.