Тошкент вилояти коллежларида ишлаб келган лаборантлар 1 сентябрдан бошлаб вилоят таълим бошқармаси раҳбари буйруғи билан ишдан бўшатилди. Расмийлар бу ҳолатни лаборантлар малакасининг пастлиги ва уларнинг бюджет пулини бекордан-бекорга “еб ётгани” билан изоҳламоқда.
Тошкент вилояти Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Б.Аҳмедовнинг 3 августдаги буйруғига кўра¸ таълим муассасаларидаги лаборант штат бирликлари ортиқча деб топилди ва қисқартирилди.
Буйруқда касб-ҳунар коллежларининг 2014 йилда штат интизомига риоя қилиниши ва тўланиши юзасидан Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ўтказган текшириш натижаларидан сўнг шундай қарорга келингани айтилади.
Ангрен шаҳридаги коллежлардан бирида ишлайдиган лаборантлардан бири Озодликка буйруқ нусхасини тақдим қилар экан, вилоят коллежларида ишлайдиган 300дан ортиқ лаборантлар бутунлай ишсиз қолганини айтди:
“Ўзим олий маълумотли ўқитувчиман. Лекин иш бўлмагани учун лаборант бўлиб ишлаб турган эдим. Энди эса тамоман ишсизман. Вилоят бўйича юзлаб лаборант ишсиз қолди. Уларнинг оиласи энди нима бўлади?”, дейди ўз шахси очиқланмаслигини сўраган лаборантлардан бири.
Тошкент вилояти Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азим Холдорбеков лаборант лавозимида ишловчилар касб малакасига жавоб беролмагани учун коллежлардаги бундай штатлар бутунлай тугатилганини тасдиқлади:
- Бу қисқартириш бошқарма ташаббуси билан бўлмаган, республика Ҳисоб палатаси Тошкент вилоятидаги коллежлардаги лаборантлар фаолиятини ўргангандан сўнг шундай қарорга келинган. Текшириш жараёнида лаборантлар ўз функцияларини умуман бажармаётгани аниқланди. Лаборант кимёвий реактивларни номма-ном айтиб беролмаса, лаборатория ишларини ўтказолмаса, қайси реактив қандай ва қанча муддат сақланишини билмаса, бунақа лаборантнинг нима кераги бор? Улар ишга номига келиб-кетади ёки қўпол қилиб айтганда ўқитувчиларга чой-пой дамлаб бериб юришади, холос, деди бошқарма бошлиғи ўринбосари Азим Холдорбеков.
Оҳангарон туманидаги коллежлардан бирида ишлайдиган химия фани ўқитувчиси лаборант штатининг йўқ қилиниши таълим тизимига салбий таъсир қилишини айтади:
“Лаборантлар биология, кимё, физика сингари аниқ фанлар учун жуда ҳам керак. Лаборант дарсларда ўтказиладиган амалиётларга барча зарур нарсаларни тайёрлаб берди, амалиёт ўтганидан сўнг, пробиркаларни ювиб яна йиғиштириб қўяди. Энди бу ишларнинг ҳаммаси ўқитувчига юклатилади. Табиийки¸ бунга вақт кетади, ўқитувчига қўшимча иш бўлади. Бу ўз навбатида дарс сифатига салбий таъсир қилади. Менимча, бюджет маблағини қисқартириш учун шундай қилишаяпти”, деди ўқитувчи.
Озодликка маълум бўлишича¸ ҳозирча коллежлардаги лаборант штатларининг қисқартирилиши фақат Тошкент вилоятида амалга оширилган.
Айни пайтда¸ Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ҳисоб палатасининг бошқа вилоятлардаги коллежларни ҳам текшириши назарда тутилганлиги айтилади.
Бу текшириш оқибатида қандай хулоса ва қарорлар чиқарилиши¸ ҳозирча маълум эмас.