Мустақил эксперт судда Рашодхон Камолов экстремист эканини инкор этди

Рашодхон Камолов суд залида.

Қорасув туман судида таниқли имом Рашод Камоловга нисбатан давом этаётган маҳкама жараёнида кўрсатма берган мустақил эскпертлар имомнинг маърузаларида экстремистликка, “Исломий давлат” жангарилари сафига қўшилишга ва халифалик учун жанг қилишга чақириқлар бўлган деган айбловларни инкор этишди.

Имом адвокатларининг маълум қилишларича, бугун адвокатлар Ўшдаги 25 –сонли ҳибсхонасининг тиббиёт қисми раҳбари, милиция подполковниги Байзаковдан ҳибсхонада Рашодхон Камоловни тиббий текширувдан ўтказиш ва даволаш учун шароити йўқлиги тўғрисида жавоб хатини олган.

Қорасув туман судида 27 август куни бўлиб ўтган маҳкамада Рашод Камолов ҳибсхона заҳ бўлгани сабабли саломатлиги ёмонлашганини айтиб, суддан уй қамоғига чиқаришни сўраганди.

Шунингдек, у Ўш вилоятининг собиқ қозиси Ниязали Арипов унга қўлга олинишидан бир ҳафта аввал қочиб кетиши кераклигини айтганини, бироқ қочмаганини маълум қилди:

- Мен қўлга олинишимдан икки кун аввал, жума куни ўзи (Ниёзали Арипов демоқчи –таҳр.) келиб жумани ўқиб, халқни тинчлантириб кетган. Икки кун ўтганидан кейин шу ишлар бўлди. Сиздан уй қамоғига чиқаришингизни сўранаман. Шаҳар депутатлари, тумандаги депутатлар дейсизми, таниган, билган дўстларимиз ўз кафолотига олади, - деди Рашод Камолов.

Бироқ судя Камолов ҳибсхонада шифокорлар текширувдан ўтаётганини рўкач қилиб, бу илтимосини қаноатлантирмади.

Судда, шунингдек, имом адвокатлари томонидан таклиф қилинган Бишкекдаги “Открытая Позиция” жамоатчилик фонди вакили, диншунос Галина Колодзинская ҳам иштирок этди.

У имом маърузалари юзасидан ёзган тақризини судга ҳавола қилди ва томонлар саволларига жавоб берди.

Колодзинскаянинг маҳкама давомида айтишича, олиб борган изланишлари Камоловнинг 2014 йилнинг 4 июль кунги маърузасида Қирғизистон қонунчилигига зид келувчи ҳолатлар йўқлигини кўрсатган.

- Ўз маърузаларида у аксинча, мусулмонларни Сурияга бормаслик, ИШИДга қўшилмасликдан огоҳлартирган ва шунга чақирган. У мусулмонларни Абубакр Бағдодий тарафида жанг қилмасликка чақирган. Негаки унинг халифалиги халифалик келиши тартибларига мос келмайди. Яъни у мазкур халифаликни инкор қилган, - дер экан, Галина Колодзинская унинг марузалари экстремистик характерга эга эмаслигини ҳам айтди.

Маҳкамада прокуратура томонидан таклиф қилинган Ўш вилоят қозиси вазифасини бажарувчи, теолог имом Азам Бўрўнов ҳам иштирок этган. У адвокатлар саволларига жавоб беришдан қочган.

Бундан ташқари, судя айблов томони гувоҳлари келмаётганини танқид қилди. Айбловчилар гувоҳлар чақирилганини, бироқ номаълум сабабларга кўра келмай қолганларини, кейинги маҳкамага келишларини айтишди.

Айни пайтда айблов томони гувоҳларининг келмагани ва Камоловнинг уй қамоғига чиқишга рухсат берилмагани судга келган қорасувликлар томонидан норозилик билан қабул қилинди.

Таниқли имом, этник ўзбек 37 ёшли Рашод Камолов шу йилнинг 9 февраль куни “экстремизмга даъват қилганлик”, “халифалик тузишга ҳаракат қилганлик”да айбланиб, ҳибсга олинган.

Унга нисбатан суд жараёни 23 июлда бошланган. Қарийб ярим йилдан бери ҳибсда сақланаётган қорасувлик имом Рашод Камоловга нисбатан навбатдаги суд мажлиси шу йилнинг 2 сентябрь куни бўлиб ўтади.