Австрия полицияси автотрассада ташлаб кетилган юк машинасида 71 одам, жумладан, 4 бола ва 8 аёл жасади топилганини маълум қилди. Полициянинг 28 август куни билдиришича, мазкур ҳолат тергови доирасида Венгрияда уч киши ҳибсга олинган.
Венгрия полициясига кўра, тергов доирасида бир нафар Афғонистон фуқароси ҳам қўлга олинган.
Полиция Вена билан Будапештни боғлайдиган автотрассада ташлаб кетилган рефрижираторли юк машинасини 27 август куни топди.
Германия Канцлери Ангела Меркель юк машинасида 71 кишининг жасади топилиши Венада муҳожирлар билан боғлиқ бўҳронни муҳокама қилаётган Европа етакчиларини даҳшатга солганини баён қилди.
Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича комиссари Фредерика Могерини бу фожиа ЕИга аъзо давлатлар ҳукуматларини “тегишли қарор чиқариши ва масъулиятни ўз зиммасига олиши”га туркти бўлишига умид қилишини билдирди.
Сербия Ташқи ишлар вазири Ивича Дачич ЕИ мамлакатлари қочқинлар оқими билан боғлиқ муаммони самаралироқ ҳал қилиш учун масъул, дея баён қилди.
Асосан Сурия ва Ливиядаги урушдан қочаётган юз минглаб муҳожир Европа Иттифоқи мамлакатларига ўтиб келмоқда.
Биргина Германияда жорий йилда 800 минг қочқиннинг кириб келиши кутилмоқда. Айни пайтда Венгрия Сербия билан чегараларига тиканли симдан тўсиқлар ўрнатмоқда.