Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Нукусда жойлашган Савицкий номидаги музей директори Мариника Бобоназарованинг ишдан бўшатилиши юзасидан изоҳ берди.
Вазирлик сайтида келтирилишича, Мариника Бобоназарова ўз хоҳишига кўра нафақага чиқиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан вазифасидан озод этилган.
“Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи собиқ директори Бабаназарова Мариника Маратовнани музей ривожига қўшган ҳиссасини муносиб баҳолайди ҳамда жамоатчиликни унинг нафақага чиқиш тўғрисидаги хоҳишини ҳурмат қилишга чақиради”, дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Савицкий номидаги музей директори Мариника Бобоназарова 21 август куни ишдан бўшатилиши музей жамоасининг норозилигига сабаб бўлганди. Бобоназарованинг ишга қайта тикланишини сўраётган ҳамкасблари таъкидича, унинг ишдан олиниши ортидан "музей талон-тарож бўлиш хавфи остида қолмоқда".
Мазкур музейда, айрим манбаларга кўра, қиймати 2 миллиард долларга тенг 90 мингдан зиёд ноёб санъат асари сақланади.