Ўзбекистон ИИВ Тошкентдаги портлаш юзасидан изоҳ берди

Портлаш содир бўлган автобус бекати.

4 сентябрь куни Ўзбекистон пойтахтининг Эски шаҳар мавзеида содир бўлган портлаш Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси машқи сценарийсининг бир қисми бўлган. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Жума куни Чорсу бозори яқинидаги Тўхтабой масжиди олдида ўтказилган машқдан мақсад, вазирлик маълумотига кўра, тегишли хизматларнинг хушёрлик ва тезкорлик даражасини текшириш бўлган.

“Соат 13:32 да масжидлардан бири яқинидаги автобус бекатида шартли террорчи қўлбола портлаш мосламасини ҳаракатга келтирди. Шундан сўнг “тревога” командаси билан шаҳар милицияси оёққа турғазилди ва тегишли йўриқномаларга мувофиқ равишда, ҳодиса юз берган жой ўраб олинди”, дейилади Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабарномасида.

Машқ сценарийсига кўра, ҳодиса содир бўлиши билан ёлғондакам жиноятчини қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари уюштирилган ва у орадан 15 дақиқа ўтгач, қўшни маҳаллада қўлга олинган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мазкур машқ сценарийси максимал даражада воқеликка яқинлаштирилгани, шу йўл билан ўт ўчирувчилар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хизматчилари ва “тез ёрдам” ходимларининг хушёрлиги ва тезкорлиги текширилганини, дастлабки босқичда бу хизматларнинг ҳеч қайсисига машқ ҳақида хабар берилмаганини билдирган.