Немцовга АҚШнинг Озодлик мукофоти берилди

АҚШнинг 2015 йилдаги “Озодлик” мукофоти феврал ойида Москвада ўлдириб кетилган рус мухолифатчиси Борис Немцовга бериладиган бўлди. Бу ҳақда мазкур мукофотни топширадиган Халқаро республика институти Твиттер орқали хабар тарқатди.

Борис Немцов бу мукофотга “Владимир Путин даврида Россияда демократия, инсон ҳуқуқлари ва адолатли судлов йўлида курашга бағишланган умр учун” муносиб топилган.

Мукофотни топшириш маросими 9 сентябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтди. Немцов номидан мукофотни қабул қиларкан, унинг дўсти ва ПАРНАС партияси раис ўринбосари бўлган Владимир Кара-Мурза: “Борис Немцов доим ўзи ишонган нарса ҳақидагина гапирган ва доим гапи билан иши бир бўлган одам эди. У ҳеч қачон ўз принциплари ва дўстларини сотмаган, ҳеч қачон ўз манфаатларини мамлакат манфаатларидан юқори қўймаган”, деди.

Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Борис Немцов 27 февралдан 28 февралга ўтар кечаси Москвада, Кремль ёнидаги кўприкда отиб кетилган эди.

Мухолифатчини ўлдирганликда гумонланиб чеченистонлик беш киши ҳибсга олинган.