Суриядаги ўзбек жангарилари йирик гуруҳи - "Имом Бухорий" катибаси етакчиси амир Салоҳиддининг ўспирин ўғли Ҳалабдаги муваффақиятсиз жангда ўлдирилди. Катиба тарқатган видеода амир ўз фарзандини "жиҳодчи", унинг ўлимини эса Оллоҳ йўлида "ожизона хизмат", деб таъкидлаб, атрофдагиларни жангга тарғиб қилган. Ижтимоий тармоқларда эса ўзига қўшиб болаларини ҳам жангга ташлаётган ўзбек жангарилари қораланмоқда.
Умар ўлими - ожизона бир хизмат
Сурия ва Ироқ ҳудудини макон тутган ўзбек жангарилар орасидаги энг йирик гуруҳ, "Исломий давлат"га қаршилигини билдириб келаётган "Имом Бухорий" катибаси етакчиси - амир Салоҳиддиннинг ўғли август охиридаги жангда "шаҳид бўлгани" ҳақидаги видео тарқалди.
31 август кун Youtube тармоғига жойланган видеода жангарилар Ҳалаб минтақасидаги Башкуи шаҳрини эгаллаш учун қилган жангларда ўлдирилган ўсмир билан видолашаётган амир Салоҳиддин кўринади. Кадрлар остига битилган таг сўзларда марҳум бола амирнинг ўғли экани айтилган.
"Имом Бухорий" катибасининг видеоси тарқалганидан бир неча кун ўтиб, гуруҳ етакчисининг ўғли ўлгани ҳақидаги хабар Facebook тармоғида чечен жангарисига тегишли кўрилган саҳифада ҳам берилди. Унда айтилишича, Салоҳиддининг жангда ўлган ўғли 16 ёшда бўлган ва унинг исми Умардир.
Катиба номидан тарқатилган видеода гуруҳ амири дунёнинг турли ўлкаларидан "юзлаб мужоҳидлар Шом диёрларига келиб, шаҳид бўлаётганда" ўзининг битта ўғли берган жон унинг "Оллоҳ йўлидаги ожизона хизмати" экани, бунинг учун фақат Оллоҳга шукр қилишини таъкидлайди.
Жиҳодчи фарзанд - тарғибот қуроли?
Видеода боланинг дафн маросими кўрсатилган ва унда қайғудан овози бўғилган амир ўғлининг ўлимини атрофидагиларга бир ибрат сифатида баҳолайди. Дарвоқе, дафн маросимида, афтидан, аксарияти ўзбек бўлган жангарилар орасида юрган бир неча ёш бола кўринади.
Салоҳиддиннинг 16 ёшли ўғли жанг майдонига туширилгани ҳақида аввал баёнот тарқатилмаган эди. Аслида "Имом Бухорий" катибасининг лидери саналган амир Салоҳиддин жамоатга кўриниш бермаётган келаётган кекса ўзбек жангариларидан биридир. Аввалгилари каби, сўнгги видеода ҳам у юзини яширган.
Салоҳиддин етакчилигидаги катиба миллатдошларини жиҳодчиликка тарғиб қилиб келаётган энг фаол гуруҳлардан биридир. Амирнинг норасида ўғли ўлими ҳам навбатдаги тарғибот видеоларидан бирига мавзу бўлди.
Узун замонлар Афғонистонда жанг қилган амир Салоҳиддининг Толиблар етакчилари билан алоқаси яхши экани айтилади. Хусусан, ўтмишда унинг Толиблар етакчиларидан бири Сирожиддин Ҳаққоний билан учрашгани ҳақида маълумотлар бор. Зеро, ўтган йили катиба жангарилари афғон Толиблари етакчисига байъат берган.
Суриядаги жангларда эса бу катибанинг аксар ҳолларда "Ал-Қойда"нинг бир бўғини ҳисобланган "Жабҳатан Нусра" билан бир сафда жанг қилиши кузатилади.
Муваффақиятсиз жанг - қурбон берилган бола
Суриядаги жангари гуруҳларни кузатиб келаётган манбаларга кўра, катиба етакчисининг ўғли ўлдирилган жанг август ойида "Жабҳатан Нусра", "Аҳроруш Шом" ва "Имом Бухорий" катибаси каби гуруҳларни бирлаштирган жангарилар иттифоқининг Ҳалаб минтақасидаги Башкуи шаҳарчасини эгаллаш учун қилган жангидир.
Катиба тарқатган видеода Умарнинг дафн маросими олдидан Башкуи учун қилинган жанглар акс этган кадрлар ҳам берилган.
26 август - катиба тайёрлаган видео Youtube тармоғига юкланишидан бир неча кун олдин - Башкуига жангарилар ҳужум уюштиргани, аммо шаҳар назоратини қўлга ололмагани хабар қилинган эди.
Жиҳодчи ўғиллар - душман жангарилар
Сурия ва Ироқдаги жанг қилаётган жангари гуруҳлар сони ўнлаб экани айтилади. Яъни, жангарилар кўп ҳолларда миллати ва ўтмишига кўра, турли гуруҳлар - катибаларга бўлингани ва одатан, бу гуруҳлар етакчилари ўғил фарзандларини ўз ортидан эргаштириши айтилади.
Ўғлини жиҳодчи қилиб тарбиялаётганидан фахрланган ва бунга бошқаларни ҳам ундаган машҳур чечен жангариси - Сайфуллоҳ Шишаний (Руслан Мачаликашвили) қурол тутган икки ўғли суратини ижтимоий тармоқлардан биринчилардан бўлиб тарқатган лидерлардан бири эди.
Шишанийнинг ўзи ўтган йили Ҳалаб шаҳридаги жанглардан бирида ўлдирилди. Унинг жанг майдонида қолган кичик ўғли "Жабҳатан Нусра" сафида, ҳозир 12 ёшга кирган катта ўғли эса укаси аъзо бўлган гуруҳга қарши жанг қилаётган "Исломий давлат" сафида экани айтилмоқда. Аммо, ҳозирча бу маълумот ишончли манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ.
Етим болалар - жиҳодчи "ансорлар"?
Шу кунга қадар "Исломий давлат" жангарилари ёш болаларни, аксар ҳолларда, ўз болалари ёки жанг майдонларда етим қолган гўдакларни жангга тортаётгани акс этган видеоларни тарқатиб келмоқда.
"Исломий давлат" жангарилари Сурия ва Ироқда ота-онаси ўлдирилган ёки асир олинган, ёхуд мамлакатдан қочиб кетган етим болалардан ёш жиҳодчилар гуруҳини ҳозирлаш жараёни акс этган видеоларни ҳам бир неча бор эълон қилди.
Ҳали она сути оғзидан кетмай туриб, жангларда ўлдирилаётган болалар "шаҳид ансорлар", деб аталмоқда.