Жаҳон банки жума куни эълон қилган "Аёллар, бизнес ва қонунлар - 2016" деб номланган ҳисоботида Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимояловчи қонуний механизмлар йўқлигини танқид остига олди.
Ташкилотга кўра, ҳозирда дунёдаги 46 мамлакатда зўравонликни тақиқловчи қонунлар йўқ. Улар орасида МДҲ ҳудудидаги уч мамлакат – Россия, Арманистон ва Ўзбекистон ҳам бор.
Бу каби мамлакатларда оилавий зўравонлик ва ишлаш имконларининг чеклангани аёлларни анча мушкул аҳволда қолдирган.
Ўзбекистонда оилада зўравонликка учраган аёлларни шикоятлари кўпгина ҳолларда маҳалладан нарига ўтмайди.
Аксар ўзбек аëллари¸ хусусан¸ ëш келинлар ўз эрлари¸ қолаверса эрнинг яқинлари томонидан қилинаëтган жисмоний¸ руҳий ва жинсий тазйиқ ва таҳқирларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари¸ ëхуд ҳуқуқ фаоллари эътиборига олиб чиқишни ҳамон номақбул ҳаракат деб билади.
Милицияга шикоят қилиб борган аёлларнинг эса шикоятлари кўпгина ҳолларда қабул қилинмайди.
Қашқадарёнинг Ғузор туманида яшовчи келин эрининг зўравонликлари ҳақида бир неча марта милицияга шикоят қилгани, лекин натижа бўлмаганини айтади.
-Участкавойларга бир неча марта шикоят қилдим. Домкомларга айтдим. Ҳеч натижа бўлмади, ҳамма нарса эрим тарафга бўляпти, ҳаммаси эримни ёнини олишяпти. Эримни зулмига чидашим керак экан, - дейди ғузорлик келин.
Ўзбекистонда аксар оилалар ўз қизларини бундай зўравонликдан ҳимояланишга тайëрлаш ўрнига¸ уларни бундай зулмни қабул қилиш¸ “уйдаги гапни кўчага чиқармаслик”ка ўргатишади.
Маҳалла фаоллари ҳам зўравонликка учраган аёлларни юпатиб, оиласига қайтаришади.
Наманганлик маҳалла фаоли Убайдулло Азимовнинг айтишича, мақсад оилаларнинг ажралиб кетишига йўл қўймаслик.
- Нима учун урди, ўрганиб чиқамиз. Иккаловини учраштириб, яраштиришга ҳаракат қиламиз. Иккинчи марта урмайсан, деб ёздириб оламиз. "Хўп", дейди. Шу билан иккаловини чиқариб юборамиз. Яхши яшаб кетаверади. Иложи борича яраштиришга ҳаракат қиламиз, оиласидаги боласи етим бўлиб қолмасин, деб ҳаракат қиламиз-да. Ўзи бирон кишини хотинини бирон шапалоқ уришга ҳаққи йўқ. Аёл ҳам эркак ҳам тенг ҳуқуқли ҳозир”, - дейди Убайдулло Азимов.
Аёллар орасида эр ва қайнона зулмидан чора топа олмай¸ ўз жонига қасд қилганлари ҳам бўлган.
Ўзбекистонлик журналист, аёллар ҳуқуқлари ҳақидаги бир қанча ҳужжатли фильмлар муаллифи Умида Аҳмедованинг айтишича, оилада зўравонликни келиб чиқишига кўпгина ҳолларда қайноналар ҳам, оналар ҳам сабабчи бўлишади.
- Оилада зўравонлик бўлганида кўпинча ўзбекларнинг менталитетида “эр бўлгандан кейин уради-да, эрга тегдингми уйингда ўтиравер”, дейилади. Аслида бу жуда фожиали. Чорасизликдан уксус ичиб ўзини ўлдиргани бўлган. Ҳеч қанақа қўллаб-қувватлов бўлмаганидан ўзини ўлдиргани ҳолатлари бўлган. Юз фоиз ҳамма қайноналар эмас, бир хиллари “хотининг у қилди, бу қилди, деб” ўғлига келинини урдиради. Мана шу ҳолатлар оилада зўравонликка сабаб бўлади, - дейди Аҳмедова.
Жаҳон банки хулосасига кўра, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан маиший зўравонликлар энг мунтазам тус олганидир. Аксар холларда аёл бу зулмни ўз яқинларидан тортади.
Бундан ташқари Ўзбекистондаги мавжуд қонунлар аёлларнинг оилада мавқеини тиклашга ғов бўлмоқда.
“Мавжуд қонунлар аёлларнинг иқтисодий мавқеининг ошишига, кўплаб касбларни эгаллашига ғов бўлмоқда, уларни кредит олиш имконларидан мосуво қилиб, зўравонликлардан ҳимоясиз қолдирган”, дейилади ҳисоботда.
Жаҳон банкига кўра, аёлларнинг даромади “ўртачадан паст”дир.
Мамлакатда ишловчи аёллар иқтисодий фаол бўлган аёлларнинг 51 фоизини ташкил этади.
Яъни ишлаш қобилиятига эга аёлларнинг ярми уйида ўтириб қолган.
Германияда иқтисодий фаол бўлган аёлларнинг 72 фоизи, Хитойда 70 фоизи, АҚШда 66 фоизи ишлайди.
Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистонда 15,4 миллион аёл бор, бу мамлакат аҳолисининг қайриб ярмини ташкил этади.