Ўзбекистон Қандим конида 8 миллиард куб метр газ қазиб оладиган завод қуриш қарорини тасдиқлади

Ички истеъмол газнинг 90 фоизи қолаётганига қарамасдан Ўзбекистон аҳолисининг аксар кўпчилиги газ тақчиллигидан азият чекишади.

Ўзбекистон ҳукумати Қандим конларида газни қайта ишлаш мажмуасини қуриш лойиҳасининг техникавий-иқтисодий асосини тасдиқлади.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг қарорида Қандим конлари гуруҳи участкаси ҳамда Хавзак, Шоди ва Қўнғирот участкаларига доир маҳсулотни тақсимлаш келишувини амалга тадбиқ этиш доирасида барпо этиладиган иншоот йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш қувватига эга бўлиши қайд этилган. Маҳсулотни тақсимлаш келишуви Ўзбекистон ҳукумати билан “Лукойл” Нефть ширкати” ва “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг ширкатини ўз ичига олувчи сармоядорлар консорциуми ўртасида тузилган.

Уч босқичда амалга оширилиши айтилаётган лойиҳа 2032 йилда тўла якунланиши ва газни қайта ишлаш заводини қуриш ҳамда газ конларини ишга тушириш мақсадларига жами 2,662 миллиард АҚШ доллари сарфланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат газ конларидан йилига 60 миллиард куб метргача газ қазиб олинишини иддао қилади. Табиий газнинг қанча миқдори экспорт қилинишига доир аниқ рақамлар йўқ, лекин мутахассислар Хитой, Россия ва Марказий Осиё давлатларига оқадиган ўзбек гази миқдори 6 миллиард куб метрдан ошмаслигини айтишади.

Ички истеъмол учун қазиб олинган газнинг 90 фоизи қолаётганига қарамасдан Ўзбекистон аҳолисининг аксар кўпчилиги газ тақчиллигидан азият чекишади.