"Ўзнефтмаҳсулот" ширкати расмийлари Ўзбекистонда шу кунларда бензин тақчиллиги юзага келишида керагидан ортиқ бензин харид қилиб, сотишга ҳаракат қилаётган “чайқовчилар”ни айбламоқда. Аксар кузатувчилар эса автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида узун навбатларнинг пайдо бўлишини Ўзбекистон бўйлаб пахтага оммавий сафарбарлик билан боғламоқда.
Исми очиқланмаслиги шарти билан Озодликка гапирган ширкат расмийларидан бири мамлакат ёнилғи қуйиш шохобчаларига бензин етарли миқдорда берилаётганини айтди:
- Одамлар бензин қимматлар эмиш, деган миш-мишларга учиб, керагидан ортиқ олиб қўйишяпти, шунинг учун заправкаларда бензин тортилиб қоляпти. Аслида бензин етарлидан ҳам ортиқ бериляпти, - деди "Ўзнефтмаҳсулот" ширкати расмийси.
Шу кунларда пойтахт Тошкентда 2050 сўм бўлиши керак бўлган 91-бензининиг нархи 3700 сўмга чиқиб кетгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.
Тошкентдаги аксар ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин учун навбат бир неча юз метрга чўзилган.
– Эрталаб 10 литрдан беради ва тез тугаб қоляпти. Шунда ҳам олибсотарлардан ортмайди, - дейди тошкентлик ҳайдовчи.
Айтилишича, ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбат кутиб турганларнинг кўпчилиги олибсотарлар.
Навбати келганда бензинни олиб, яна навбатга туришади.
- Навбатнинг бошида доим ўзларининг таниш-билишлари, бензин олибсотарлари. Улар иккита-учта мотори йўқ машиналарни қўли билан итариб навбатга туришади. Машинани ичида катта цистерна. Цистернани тўлдириб олишади. Кейин четга ўтиб бўшатишади-да яна навбатга кириб туришади. Бир олибсотарда уч-тўрттадан шунақа мотори йўқ машина бор, - дейди исми сир қолишини истаган ҳайдовчи.
Автомобилига бензин қуйиш учун келган оддий одамларнинг сабри чидаганлари кутади, сабрсизлари эса навбатни кўриб қайтиб кетишади.
Тошкент ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин учун навбат кутиб турганларнинг кўпчилиги вилоятдан келган ҳайдовчилар.
Сабаби вилоятларда бензин Тошкентдагидан ҳам қиммат. Бензин нархининг Тошкент ва вилоятлар ўртасидаги тафовути эса пойтахтдаги бензиннинг кўп миқдорда вилоятларга олиб кетилишига йўл очмоқда.
Ҳатто минг километр олисдаги Хоразмга ҳам бензинни Тошкентдан олиб келиб, сотаётганлар бор.
-Тошкент-Урганч қатнайдиган автобуслар, машиналарда Тошкентдан бензин олиб келишади. Шу автобусларни ичига катта цистерналар қўйилган, шу йўл билан яширинча олиб келишади. Ичидаги цистернага 200-300 литрдан кўпроқ кетади. Улар шу автобусда Тошкентга боришади, заправкадан бензинни тўлдириб қайтишади. Сабаби, Тошкентдаги бензинни улгуржи тарзда олиб кетишга руҳсат йўқ¸- дейди бензин чайқовчилиги билан шуғулланувчи урганчлик суҳбатдош.
"Ўзнефтмаҳсулот" мулозими Тошкентда сотилаëтган арзон бензиннинг кўп миқдорда вилоятларга олиб кетилаётганини тасдиқлади.
- Ҳозир бунга йўл қўйилмаслик учун запрвакаларда назоратни кучайтирмоқдамиз. Бир машинага 40 литрдан кўп бензин берилмасин, - дейди "Ўзнефтмаҳсулот" ширкати расмийси.
Сўнгги йилларда куз мавсумида Ўзбекистон бўйлаб ёнилғи тақчиллиги юзага келиши одатий ҳолга айланган.
Кузатувчиларга кўра, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида узун навбатларнинг пайдо бўлиши Ўзбекистон бўйлаб пахтага оммавий сафарбарлик билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Ўзбекистон ўз нефт заҳираларига эга бўлса-да, мавжуд табиий ресурслари ўз ички эҳтиёжини қондириш даражасида бензин ишлаб чиқаришга имкон бермаслиги айтилади.
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг бензинга бўлган эхтиёжини қондириш учун четдан йилига камида 4 миллион тоннадан ортиқ бензин сотиб олишига тўғри келиши мумкин.