17 сентябрь куни кечқурин Россиядаги “Дождь” мустақил телеканали Нукусдаги Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейи ҳақидаги "Осиё Луври"дан картиналарни ким ўғирлади?" номли кўрсатувни намойиш қилди.
Кўрсатувда Нукусдаги санъат музейини 1984 йилдан бери бошқариб келган Мариника Бобоназарованинг ишдан олиниши ва музейдан ўғирланган картиналар билан боғлиқ воқеалар муҳокама қилинади.
Ушбу кўрсатувда иштирок этган Россиядаги Шарқ санъати давлат музейи директори ўринбосари, олим Тигран Мкртичев Мариника Бобоназарованинг ишдан олинишини Ўзбекистон обрўсига жиддий путур етказди, деб ҳисоблайди.
Кўрсатувда Қорақалпоқ давлат музейининг асосчиси, таниқли коллекционер Игорь Савицкий ҳаётига бағишланган “Игорь Савицкий эҳтироси” ҳужжатли фильмидан фрагментлар ҳам намоийш қилинди. “Игорь Савицкий эҳтироси” фильми таниқли ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроев томонидан тўрт ярим йил давомида суратга олинган.
“Ўзбекистон” телеканали “Ахборот” дастурининг 2 сентябрдаги сонида Қорақалпоқ Давлат санъат музейида мутахасислар текширув ўтказгани ва музейда 581 миллион 625 минг сўмлик 5 картина йўқлиги аниқлангани, бунинг ортидан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати 28 август куни жиноят иши очгани хабар қилинди.
Мариника Бобоназарованинг ишдан бўшатилгани санъатшунослар, музейлар ходимлари ва экспертлар орасида шов-шувга ҳамда қизғин муҳокамага сабаб бўлди. Қорақалпоқ Давлат санъат музейининг 86 кишилик меҳнат жамоаси эса Бобоназарованинг ишга қайта тикланиш талаби билан чиқди.
Халқаро экспертлар, санъатшунослар ва музей ходимлари Савицкий номидаги музей директори ишдан бўшатилиши ортидан "музей талон-тарож бўлиш хавфи остида қолмоқда", деган хавотирни билдирган эди.
Негаки, Бобоназарова умумий қиймати 2 миллиард долларга баҳоланган картиналар сақланадиган музейни “31 йил давомида қўриқчи итдай қўриқлаб келгани” ва “музейни талон тарож қилишга йўл бермагани” айтиб келинади.
Озодликка маълум бўлишича Тошкентда НАТОга аъзо давлатлар элчилари бир орага йиғилиб¸ музей тақдирини муҳокама қилишган.