Афғонистон Мудофаа қўшинлари сафидаги кўнгилли ҳарбийнинг ўғил болани зўрлашини тўхтатишга уринган АҚШ зобитларига чора кўрилгани норозиликка сабаб бўлмоқда.
New York Times газетаси 21 сентябрь куни чоп этган мақолада айтилишича, АҚШ армияси махсус қўшинларининг собиқ ҳарбийси капитан Дан Куин афғон аскарининг ётоғида кишанланган ўғил болани жинсий қул сифатида сақлаётганидан воқиф бўлган ва бунинг учун уни калтаклаган. Натижада, Куин жазо тариқасида ҳарбий хизматдан озод қилинган ва Афғонистондан чақириб олинган.
21 сентябрь куни жамоатчиликка ошкор бўлган бу вазият юзасидан Оқ Уй маъмурияти "чуқур хавотир" билдирди.
"Бу тариқа сексуал эксплуатация Афғонистон қонунлари ва Афғонистоннинг халқаро мажбуриятларига зиддир", деди Оқ Уй матбуот котиби Жош Эрнест.
Аммо, Оқ Уй ва Пентагон маъмурияти афғон фуқароларининг бу каби хатти-ҳаракатлари учун жавобгарлик масаласини Афғонистон ҳукуматининг ўзи ҳал қилиши лозимлигини таъкидламоқда.
Аммо, Афғонистон ҳукумати болаларнинг зўрланишига оид кўплаб ҳолатларга чора кўрмай келмоқда.
Куинга кўра, АҚШ ҳарбийларига афғон иттифоқчилари томонидан ўғил болаларнинг зўрланиши каби ҳолатларга аралашмаслик ва буни "миллий зеҳният" га тегишли масала сифатида қабул қилиш ҳамда бу каби позицияни "маҳаллий ҳокимиятни обрўсизлантирмаслик мақсади" билан изоҳлаш ҳақида кўрсатма берилган.
Пентагон маъмурияти шу кунда яна бир ҳарбий - сержант Чарльз Мартландни ҳам Дан Куинга қўшилиб, афғон аскарини ургани учун 1 ноябрдан истеъфога чиқаришни режаламоқда.