Хоразм вилоятида шанба-якшанба кунлари 18 мингга яқин коллеж ўқувчиси пахтага чиқарилди. Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, 18 ёшга тўлган 3-курс ўқувчилари ўртача 30 килограмдан пахта териб берган. Аммо, Қўшкўпир туманидан боғланган ўқувчи 18 ёшга тўлмаганлар ҳам теримга чиқарилганидан шикоят қилди, раҳбарият эса буни инкор қилди.
Шанба ва якшанба кунлари Ўзбекистоннинг аксарият вилоятларида давлат ташкилотлари ва таълим муассасаларининг 18 ёшга тўлган ўқувчилари ҳамда талабалари пахта теримига "мажбурий-ихтиёрий" тартибда сафарбар қилингани ҳақида хабарлар келмоқда.
Жумладан, Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидан коллежларнинг 15-17 ёшли ўқувчилари ҳам пахтага чиқарилгани ҳақидаги бир мурожаатни Озодлик ўрганишга уринди.
Озодликка келган мактубда: "Men 15 yoshdaman Xorazm viloyati Qöshköpir tumanidagi kolejda oqiman. Bizni Shanba Yakshanba kunlari paxtaga majburiy olib chiqshyapdi. Nega BMT dan tekshirishmaydi? agar prokratura bizdan sorasa yoshimiz 18 da deb aytingla deb orgatyapdi. Nimasi bu?" деб ёзди коллеж ўқувчиси.
Озодлик ўқувчи билан боғланди. Унинг айтишича, у каби вояга етмаган ўнлаб ўқувчи сентябрь ойи бошидан буён ҳар шанба-якшанба кунлари пахта теримига чиқарилмоқда:
"Мажбуриймас, деб айтадилар. Лекин, бормаганларни душанба куни ўқувчилар йиғилишида уялтиради. Пахтага чиққанларни ўнг тарафда, чиқмаганларни чап тарафга қўйиб, "Пахтага чиққанлар ватанини севади" дейди. Чиқмаганларни уялтиради. Мен икки марта чиқдим, лекин кеча чиқмадим. Мен вояга етмаганман, чиқмасликка ҳаққим бор, дедим. Чора кўрмадилар, лекин уялтирадида", деди ўзининг 15 ёшда эканини айтган ўқувчи.
Бу ўқувчи исми-фамилияси ҳамда курсини ошкор қилмасликни сўради. Аммо, Қўшкўпир тумани Политехника ва тадбиркорлик коллежида таҳсил олишини очиқ айтди.
Озодлик мазкур коллеж директори Ҳурмат Ибрагимов билан боғланди. Директор 18 ёшга тўлмаган ўқувчиларнинг пахтага чиқарилганига оид ўқувчи даъвосини қатъиян инкор қилди:
- Бўлиши мумкин эмас, бизда 18 ёшга тўлмаганлар пахтага чиқарилмайди. 1-2-курс ўқувчилари умуман пахтага чиқарилгани йўқ. Фақат 3-курс талабалари ўз ихтиёри билан чиқяпти, дам олиш кунида. Биз ҳеч кимни пахтага чиқарганимиз йўқ. Ўқитувчиларниям, ўқувчиларниям чиқарганимиз йўқ, - деди Ҳурмат Ибрагимов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик Қўшкўпир туманидаги таълим муассасаларига масъул ташкилотларга ҳам боғланишга уринди.
Жумладан, туман Халқ таълими бўлимининг ўзини таништирмаган мутасаддиси 18 ёшга тўлмаганларнинг пахтага чиқарилаётганига оид хабарни мутлақ инкор қилди. Аммо, 18 ёшга тўлган ўқувчилар шанба-якшанба кунлари оммавий равишда пахтага чиқарилганини тасдиқлади.
Хоразмдаги 18 мингдан ошиқ коллеж ўқувчиси пахта теримига чиқарилди
Хоразм вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган раҳбарларидан бири дам олиш кунлари вилоят бўйлаб коллежларнинг 18 мингдан зиёд ўқувчиси пахта теримига чиқарилгани, ўртача ҳисобда 30 килограмдан пахта териб берганини айтди:
"Коллежлардан 18 ёшга тўлган 3-курс ўқувчилари жалб қилинди. Жами 28 минта талаба бизда, шуни 18 мингтадан зиёдроғи чиқарилди. Шу текшириб келишса, "Ўз ихтиёримиз билан теримга ёрдам бериш учун чиқдик, 18 ёшга тўлганмиз, деб айтади-да энди. 18 ёшга тўлмаганларни чиқариш категорический запрещён, деб вилоят ҳокимининг ўзи шахсан топшириқ берган. 1-2-курслар дарсда бизда", дея инкор қилди Хоразм вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими.
Унга Қўшкўпирдаги Политехника ва тадбиркорлик коллежининг 15 ёшли ўқувчисидан тушган шикоятни ҳам етказдик.
"Мен буни суриштириб кўраман", деб жавоб берди мулозим.
Ҳуқуқ фаоллари Хазорасп туманидаги пахта даласида вояга етмаган ўқувчиларни учратди
Шанба-якшанба кунлари Хоразм вилоятининг Хазорасп тумани пахта далаларини кузатган ҳуқуқ фаоллари - Елена Урлаева ва Малоҳат Эшонқуловалар "Вилоят раҳбарлари Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ва раҳбариятни алдамоқда", деб хабар тарқатди.
Озодликка пахта даласидан йўлланган хабарида Малоҳат Эшонқулова коллеж ўқувчилари, бюджет ташкилоти ишчилари ва айрим ҳудудларда 18 ёшга тўлмаган ўқувчилар ҳам пахтага теримига чиқарилганига гувоҳ бўлганини хабар қилди.
Фаолларнинг яна аниқлашича, ўтган ҳафтада вилоятга Халқаро меҳнат ташкилотлари вакиллари борган ва вилоят ҳокимлиги пахта далаларидаги теримчиларни уйига қайтарган.
- ХМТ кузатувчилари Хорзамга йўл олиши билан маҳаллий ҳокимият вакиллари пахтага ётоққа жўнатилган ўқувчиларни, ўқитувчилари, шифокорларни ва барча теримчиларни вақтинчалик ортга қайтаради. Бу ҳақда бизга шахсини ошкор қилишни истамаган ўқитувчи хабар берди. Фарзанди пахтада эрта қайтганига хайрон бўлган она ҳам шуни айтди. ХМТ экспертлари кетганидан кейин эса барча теримчилар яна пахта даласига қайтарилган, - деб хабар йўллади Малоҳат Эшонқулова Озодлик радиосига.
Шу тариқа, коллежнинг 15 ёшли ўқувчисиман, деб Озодликка боғланган ўқувчи ва шу кунда Хоразм вилоятида бўлган ўзбекистонлик фаоллар 18 ёшга тўлмаганлару тўлганлар ҳамда бюджет ташкилотлари ишчилари Хоразмда пахта теримига мажбуран жалб қилинмоқда, деб хабар бермоқда. Вилоят раҳбарлари, хусусан, вилоятдаги таълим муассасалари раҳбарлари эса буни қатъиян инкор қилмоқда.
Вилоятдаги бу ҳолат халқаро ташкилотлар қаршисида ҳисоб бераётган Ўзбекистон ҳукумати расмийларининг хатти-ҳаракатини ёдга солади. Зеро, йиллардан буён ҳукумат расмийлари мамлакатда болалар ёхуд катталар меҳнатидан мажбурий фойдаланилаётганини кескин равишда инкор қилиб келади. Фаоллар ва мажбурий меҳнатга жалб қилинган аҳоли эса ҳар йил кузда, баъзан эса ёз ойларида ҳам мажбурий равишда пахта далаларига қувилишидан шикоят қилади.