Хоразмда ҳуқуқ фаоли фирибгарликда гумон қилинмоқда

2015 йилнинг 26 сентябрь куни Урганч шаҳар ИИБ томонидан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Хоразм вилояти бўлими раиси, 41 яшар Мардона Таджимовани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси билан айблаш ҳақидаги терговолди суриштируви бошланди. Бу ҳақда “Озодлик”ка ташкилот раҳбари Исмоил Одилов маълум қилди.

Исмоил Одиловга кўра, хоразмлик ҳуқуқ фаоли вилоят ташкилотини тегишли тартибда вилоят Адлия бошқармаси томонидан ҳисоб рўйхатидан ўтказмай фаолият юритиш, фуқаролардан ташкилотга аъзолик учун пул олганлик айби қўйилмоқда.

Бу айбловлар куракда турмайдиган бўҳтон бўлиб, у Мардона Таджимовани қаматишга қаратилган. Шу орқали Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти фаолиятига жиддий зарба бериш ҳамда ташкилотни обрўсизлантириш ҳаракатидир. Аризалар иғво йўли билан уюштирилган бўлиши мумкин. Мен Мардонага вилоят бўлимини ташкил қилиш ва унинг фаолиятини олиб бориш юзасидан барча қонуний ваколат ва ҳуқуқлари берганман. Ўйлаб кўринг, бугунги кунда ким салкам партизанлик ҳаракати бўлган ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотга пул бериб, аъзо бўлади? Аксинча, кимдир келиб сафимизга қўшилса хурсанд бўламиз-ку?!” - дейди Исмоил Одилов.

Маълум бўлишича, бир неча шахслар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Мардона Таджимовага ташкилотга аъзолик учун пора беришган.

Шунингдек, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи Илгизар Собиров (Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг собиқ раиси – таҳр.) томонидан ташкилотнинг тегишли ҳисоб рўйхатидан ўтмай фаолият юритаётгани хусусида прокуратура органига тақдимнома келтирилган.

Терговолди суриштирувлар бораётгани рост. Таджимовани айблашга тааллуқли материаллар бор. Бир қанча фуқаролар унинг пора олгани хусусида бизга мурожаат қилган. Ҳозирги кунда далиллар ўрганилса, иш терговга оширилади”, деди “Озодлик” билан суҳбатда Хоразм вилояти Урганч шаҳар ИИБ терговчиси Матрайим Машарипов.

Мамлакат қонунчилигига кўра, ҳуқуқ фаолига нисбатан илгари сурилаётган айблов тасдиқланса, у 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Озодлик бу хабарга оид қўшимча тафсилотларни аниқлашга уринмоқда. Янгиликларни Озодликда кузатинг!