Қирғизистонда парламент сайловига бир ҳафта қолганида парламентдаги ўринлар учун курашаётган партиялар “компроматлар жанги” остида қолди. Сўнгги кунларда “Республика-Ата Журт”, “Бир бол” ва “Қирғизистон” партияларига нисбатан матбуотда, Интернетда ва жамоатчилик орасида турли қораловлар кучайиб бораётгани сезилади.
Қирғизистонда 4 октябрь куни ўтадиган парламент сайловида 14 партия иштирок этмоқда. Сайловолди тарғиботининг сўнгги ҳафтаси партиялараро қизғин рақобат вазиятида кечмоқда. Овоз беришга бир неча кун қолганида партияларга қарши компроматлар уруши бошланганини ҳис қилиш мумкин.
Сайловолди тарғиботининг биринчи кунларида президент Атамбаев мансуб бўлган Социал-демократлар ва мамлакатдаги энг нуфузли сиёсатчи деб кўриладиган Ўмурбек Текебаев раҳбарлигидаги “Ата Мекен” партиялари бир-бирларига компроматлар жангини бошлаш билан таҳдид қилган бўлсалар-да, кейинроқ бу жараённи давом эттиришдан тийилдилар.
-Ҳар бир партия ҳақида айтиладиган гап бор. Бироқ партиялар сайлов арафасида “Аҳлоқ кодекси”ни имзолашганидан кейин: “Журналистларнинг ёзаётгани ва жамоатчилик орасида тарқалган миш-мишларнинг ўзи етарли, вазиятни кескинлаштирмайлик”, деб муросага келишган. Аслида, таҳлил қилинадиган бўлса, ҳар бир партиянинг камчилиги бор, - дейди бу жараённи шарҳлар экан сиёсатшунос Собир Муканбетов.
4 октябрга саноқли кунлар қолганида эса “Қирғизистон”, “Бир бол” ва “Республика-Ата Журт” партиялари компроматлар уруши остида қолгани сезилмоқда.
Бир неча кун олдин Озодлик радиосида Бишкекдаги нашрлар“Қирғизистон” партияси вакиллари Ўзбекистонда “криминал авторитет” деб кўриладиган Салимбой Абдувалиевнинг ишончли одами Шомурод Шофайзиев билан Иссиқкўлда учрашгани, учрашувда Салимбой ўз бизнесини Қирғизистонга кўчирмоқчи экани ва шунинг учун “Қирғизистон” партиясини сайловда этник ўзбеклар томонидан қўлланиши учун ҳаракат қилиши ҳақидаги мақолалар пайдо бўлгани тўғрисидаги лавҳа берилганди.
“Қирғизистон” партияси раиси Қанат Исаев бундай учрашув бўлганини рад этган ҳолда, партиянинг айрим аъзолари, жумладан, партия раисининг ўринбосари Салимбой Абдувалиев билан иш юзасидан таниш эканини тан олишга мажбур бўлди.
Қирғизистон партиясидан депутатликка номзод Аҳмаджон Раҳимов эса бу маълумотларни "фитна", деб атаган эди.
“Бир бол” партиясига қарши компромат эса Интернет тармоқларида видеотасвир кўринишида пайдо бўлди. Бу видеотасвирда партия раиси Алтинбек Сулайманов қайсидир бир денгизда қимматбаҳо кемада сузиб кетаётгани акс этган. Унинг олдидаги ҳамроҳи эса таниқли боксчи Замир Сиргабаев бўлган. Халқ орасида боксчининг ҳаёт тарзи ҳақида ижобий фикрлар бўлмагани ортидан мазкур видеони Интернетга жойлаштирганлар сайловчилар ўртасида партия лидери Сулайманов ҳақида ҳам салбий фикр пайдо қилишни мақсад қилгани айтилмоқда.
“Республика-Ата Журт” партияси эса Ўш воқеларида айбланиб бир неча йилга шартли равишда озодликдан маҳрум қилинган жамоат арбоби Муҳаммадшукур Абоқжонвонинг қизи билан ҳамкорлик қилаётганликда айбланмоқда. Интерент тармоғида бу ҳақдаги видеони тарқатган номълум кучларнинг иддао қилишича, бу билан партия лидери Ўмурбек Бабанов “ҳокимиятга келиш учун сепаратистлар билан ҳам алоқа қилишдан тоймаслиги”ни кўрсатмоқда. Ҳозирча “Республика-Ата Журт" партияси мазкур видео бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаётир.
Қирғизистондаги сайловолди жараёнини кузатаётган “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” нодавлат ташкилотлари коалициясининг раҳбари Динара Ошурахунова сўнгги кунларда “Республика-Ата Журт” партиясига нисбатан бу каби қораловлар кўпайиб бораётганини айтди:
-Бугунги кунда “Республика-Ата Журт” партиясига нисбатан қораловлар кўпайиб кетди. Лекин сайловда иштирок этаётган ҳеч бир партия бир-бирига нисбатан очиқдан-очиқ компроматларни эълон қилгани ёки айбловларни юклагани кузатилмаяпти, -деди Динара Ошурахунова.
Айни пайтда Қирғизистон матбуотида ва Интернет тармоқларида партияларга нисбатан эълон қилинаётган компроматлар кимлар ёки қайси сиёсий кучлар томонидан сиздирилаётгани ҳам номаълум бўлиб қолмоқда.