1 октябрь куни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида жойлашган автомобилларга метан гази қуйиш шохобчасида Нексия автомобили портлади.
Воқеа гувоҳининг Озодликка хабар қилишича, портлаш натижасида бир киши ҳалок бўлган.
Шаҳрихон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба Нексия портлаши оқибатида бир киши қурбон бўлганини Озодликка тасдиқлади.
Ҳозирда портлаш оқибатлари ўрганилмоқда. Жароҳатланганлар ҳақида ҳозирча Озодликда бирор маълумот йўқ.
Ўзбекистонда кейинги йилларда кузатилаётган бензин тақчиллиги сабаб аксар ҳайдовчилар ўз машиналарига газ баллонлари ўрнатиб олаяпти.
Газ баллонли машиналарнинг Ўзбекистонда портлаши тез-тез рўй бериб туради.
15 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Денов тумани марказида газ баллони ўрнатилган йўловчи ташувчи "Газель" маршруткаси портлаши оқибатида маршрутка ичида бўлган олти йўловчи жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган.