Кимё бўйича 2015 йилги Нобель мукофоти швециялик Томас Линдал, АҚШ фуқароси Пол Модрич ва таги туркиялик АҚШ фуқароси Азиз Санжарларга ДНК репарацияси механизмлари тадқиқотлари учун бериладиган бўлди.
Бу ҳақда бугун Швеция Қироллиги фанлар академияси ҳузуридаги Нобель қўмитаси эълон қилди.
Қўмита хабарномасида айтилишича, олимлар “шикастланган ДНКни молекуляр даражада ҳужайралар қандай қилиб қайта тиклаши ва генетик информацияни сақлашини” кўрсатиб бера олган.
Нобель мукофоти 1 миллион швед крони, тақрибан 950 минг АҚШ долларига тенг ақчадир.
Мукофотларни топшириш маросими Альфред Нобель вафот этган кун – 10 декабрда Стокгольм шаҳрида бўлиб ўтади.
Ëшларга чорлов
Кимё бўйича 2015 йилги Нобель мукофоти совриндори¸ асли туркиялик Азиз Санжар Твиттердаги саҳифаси орқали турк ëшларига ҳитоб қилди:
“Бу мукофотни ўлкам Туркия ëшларига бағишлайман. Қиссадан ҳисса шудир: Бир нарсага ишонсангиз дунëда бажарилмайдиган ҳеч бир иш, ошиб ўтилмайдиган ҳеч бир довон йўқ!”
Азиз Санжар бу жумлалар ëнига ўзининг Мустафо Отатурк тасвири туширилган турк байроғи остидаги фотосуратини ҳам илова қилди.
Бу жумла эълон қилинганидан бери ўтган уч соатда Азиз Санжарнинг Твиттердаги саҳифасида 1775 юзер фикр билдирди.
Олимнинг сўзлари ва фотосурати тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлди.
@TheBucuruk исми билан ëзган юзер “Азиз Санжар Мустафо Камол қурган Туркияда эмас¸ балки АҚШ да Нобель қозонди”, дея ëзди.
@HattabL деган юзер эса ”Кошки АҚШ ўрнига Туркия калимаси турса, севинчимизга севинч қўшиларди”, дея таъкидлайди.
Бурсалик Нилуфар эса ўз твитида “Агар Азиз Санжар ҳозирги Эрдўғон бошқарувидаги Туркияда яшаса ватан хоини ва террорчи, деб эълон қилинар эди. Эргенакон жамияти аъзоси сифатида қамоққа олинарди. Яхшиям у АҚШда”, деб таскин беради.
Қишлоқдан чиққан олим
69 яшар Азиз Санжар бир вақтнинг ўзида Туркия ва АҚШ ватандошидир.
Азиз Санжар Туркиянинг Мардин вилоятидаги Савур қишлоғида туғилган.
1969 йилда Истанбул университетини тугатиб, йиллар ўтгач Туркия Фанлар академиясининг фахрий аъзоси бўлган Азиз Санжар ҳозирда АҚШнинг Шимолий Каролина университети профессоридир.