Россиянинг Ростов вилояти Владимир Красносулинск туманидаги қурилишда рўй берган ёнғинда тўрт нафар ўзбекистонлик муҳожир ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда. CA-News агентлигининг хабар қилишича, 12 октябрь куни рўй берган воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар ёнғинни тез орада ўчиришга муваффақ бўлган. Лекин ўт ўчирилгач бино қолдиқлари ичида тўрт жасад топилган.
Маълум бўлишича, ёнғин рўй берган пайтда қурилишда Ўзбекистон фуқаролари ишлаётган бўлган. Тахминларга кўра, об-ҳавонинг кескин совиб кетгани боис ўзбекистонлик мардикорлар қўлбола печка ясашга мажбур бўлган ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани ёнғиннинг келиб чиқишига олиб келган.
Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодислар тез-тез содир бўлиб туради. Кейинги йилларда Ўзбекистонга минглаб меҳнат муҳожирларининг тобутда қайтаётгани кузатилмоқда.