Россияда боласини сотмоқчи бўлган ўзбекистонлик аёл қўлга олинди

Ўзбекистонлик аёл уч ойлик чақалоғини 70 минг рублга баҳолади

Россиянинг Москва вилоятида ўз чақалоғини сотишга уринган ўзбекистонлик аёл ҳибсга олинди. Россия матбуотининг хабар қилишича, Москва вилояти Долгопрудний туманида қўлга олинган аёл уч ойлик чақалоғини 70 минг рублга (тахминан 1130 АҚШ доллари) бошқа бир ўзбекистонликка пуллашга уринган.

Чақалоқни сотиб олиш таклиф этилган аёл полицияга мурожаат қилган ва болафуруш она пулни олаётган пайтда қўлга олинган. Хабарда айтилишича, савдога қўйилган уч ойлик чақалоқ расмий идоралар томонидан рўйхатга олинмаган бўлгани аниқланган. Мазкур ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ўз фарзандларини сотишга уринишлари билан боғлиқ воқеалар аввал ҳам учраган.