Тошкент ва Душанбе икки тожикистонлик ўзбек чегарачилари ўқига учганини рад этди

16 октябрь куни ўзбек-тожик чегарасида нобуд бўлган икки тожикистонлик ўзбек чегарачилари ўқидан эмас, балки чегара бўйлаб кўмилган минага дуч келгани туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Бу ҳақда ҳар икки давлат вакилларининг оммавий ахборот воситаларига берган баёнотидан хулоса чиқариш мумкин.

Хусусан, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасининг исми келтирилмаган вакили РИА Новости агентлигига мазкур нохуш ҳодиса Самарқанд вилоятининг Ургут тумани билан Сўғд вилоятининг Панжикент тумани кесишган жойда тожикистонлик фуқаролар чегарадан ноқонуний равишда ўтаётган пайтда содир бўлганини билдирган.

Бу маълумотни ASIA-Plus агентлигига Тожикистон Чегара қўшинлари бош бошқармаси матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаев ҳам тасдиқлаган.

“Об-ҳаво шароитининг ёмонлиги ва жой рельефи шу кунгача ҳам ҳалок бўлганлар жасадларини фожиа жойидан олиб чиқиш ва уларнинг шахсини аниқлаш имконини бермаяпти”, деган тожик мулозими икки тожикистонлик ўзбек чегарачилари ўқидан ўлганига оид хабарларни кескин рад этган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта бир қатор нашрлар, шу жумладан, Озодликнинг тожик хизмати панжикентлик манбалари сўзига таянган ҳолда ўзбек-тожик чегарасида икки тожикистонлик ўзбек чегарачилари ўқига учгани ҳақида хабар қилганди.

Тожикистон билан чегарадаги пиёдаларга қарши миналар ўзбек чегарачилари томонидан 2000-йиллар бошидаёқ Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг мамлакат ҳудудига ёриб кириши олдини олиш учун кўмилган.

Тожикистон Мина масалалари бўйича марказининг маълумотига кўра, 1999 йилдан 2011 йилгача чегарадаги миналардан 160 дан зиёд одам жабр кўрган, улардан 76 нафари ҳаётдан кўз юмган. Бу миналардан Ўзбекистон фуқаролари ҳам жабр кўргани айтиб келинади.