Тошкентлик банкирларга пенсионерларни пластикка ўтказиш мажбурияти юкланди

Пойтахтдаги банкларнинг ходимлари шаҳардаги пенсионерларни пластик картага ўтказиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларига жалб қилинди. Банкирларга кўра, ҳар бир ходимга кунига камида биттадан пенсионерни пластикка ўтказиш мажбурияти юкланган. Бу мажбуриятни бажармаган ходимнинг мукофот пули қирқилиб, айримларга ҳатто ишдан ҳайдаш каби таҳдидлар ҳам қилинмоқда.

Тошкентдаги банклардан бирида кассир бўлиб ишлайдиган, бироқ исми-шарифини ошкор қилмасликни сўраган муштарийнинг Озодликка ёзишича, кейинги пайтда банк ходимлари пенсонерларни пластикка ўтказиш жараёнида қатнашишга мажбурланмоқда:

“Тошкентда ҳамма банкларда кассир ва бошқа ишчиларни пенсионер топиб, уни пластикка ўтказишга мажбурлашаяпти. Жонимга текканидан ёзаяпман. Ҳар куни биттадан одам топиб келинглар, деб одамни моральний эзишаяпти. Пенсионерлар билан гаплашаяпмиз уйма-уй юриб. Кўпчилиги хоҳламаяпти. Нафақат бизнинг банкда, балки бошқа банкларда ҳам шу аҳвол. Пенсионер топиб келмасанглар, премия йўқ деяпти ёки атайлабдан ишдан кетказиш учун бир нималар қилишаяпти”, дея ёзди тошкентдаги банклардан бирининг кассири.

Агро банкнинг пойтахтдаги бўлимларидан бирида ишловчи ходимнинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, аввалига банк ходимларининг қариндош-уруғларини пластикка ўтказиш жараёни кетган ва ҳозирда бегоналарни ҳам пластикка ўтказиш мажбурияти юкланган:

“Банкда ишловчи ҳамма ўзининг қариндошларини пластикка ўтказди. Ҳозир маҳаллама-маҳалла юриб, уйма-уй кириб чиқаяпмиз. Пластикка ўтишни кўпчилик хоҳламаяпти. Айрим кунлари умуман пластикка ўтадиган одам топа олмаяпмиз. Эртасига ишга борсак, бизни изза қилиб, танбеҳ беришаяпти. Нима қилишни ҳам билмай қолдик”, дейди Агро банк ходими.

Пойтахтдаги банк ходимлари билан боғлиқ ушбу жараённи кузатаётган тошкентлик Тошбекнинг айтишича, банкирлар ҳозирча пенсионерларни пластикка ўтишга мажбурламаяпти, фақат уларга пластик картани тарғибот қилишмоқда:

- Анча фурсат олдин банк ходимларига қариндош-уруғларинг орасида пенсионерлар бўлса, ўтказинглар, деб нима қилишган эди. Энди бунақа кўринишига ўтишибди. Уже маҳаллама-маҳалла юришибди банк ходимлари. Причем ҳар-хил банк ходимлари юрибди. Уларга мисол учун кунигами, ойигами мана шунча одам топасан деган, режа қўйганга ўхшаяпти. Чунки уйма-уй, маҳаллама-маҳалла юришибди. Агитация кетаяпти. Мисол учун бизнинг ҳам маҳаллада қариндош-уруғларникига ҳар-хил банкдан одамлар келиб, “очтирсангиз, сизга льгота қилиб берамиз. Бемалол вақтида тушади пулинглар, қанчадир фоизини ечиб берамиз”, деган гаплар билан агитация қилишаяпти. Бу ҳозирча агитация кўринишида. “Ўтишинглар керак” деган талабни ҳозирча пенсионерлар олдига қўйишгани йўқ,- дейди тошкентлик Тошбек.

Якшанба банклар учун дам олиш куни бўлгани боис, банклар, қолаверса, Марказий банк масъулларидан бу вазиятга муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Лекин жорий йил бошидан бери бутун мамлакат бўйлаб маош, пенсия, стипендия ва бошқа тўловларни тўлалигича пластик карталарга ўтказиш жараёни давом этаётгани маълум.

Бу жараёнга шу пайтгача ўқитувчилар, коммунал хизмат ходимлари жалб қилиниб, уйма-уй юриб, пенсионерларни пластикка ўтишга кўндириш улар зиммасида эди. Эндиликда улар сафига банк ходимлари ҳам қўшилди.

Ўзбекистонда нақд пул тақчиллиги муаммоси кескинлашиб бораëтгани ортидан Марказий банк жорий йил июнь ойидан бошлаб пенсияларни нақд пулда беришни тақиқлаб қўйган эди.

Июнь ойидан бошлаб ойлик¸ пенсия ва нафақаларнинг¸ аҳоли ихтиëрига зид тарзда 100 фоизга пластик карточкага ўтказилиши Марказий банк бу муаммони қуюшқонда ушлаб туришнинг шундан бошқа чорасини топа олмаганини кўрсатмоқда.

Шу йил бошроғида Ўзбекистон Марказий банки Бош вазирга юборган ҳисоботида мамлакат иқтисодида нақд пул тақчиллиги юзага келганиижтимоий-иқтисодий вазиятни янада қийинлаштиришидан огоҳлантирган эди. Озодликка сиздирилган ҳисоботда мамлакат банкларида ойлик ва бошқа ижтимоий тўловларни вақтида бериш учун нақд пул қолмагани ва тезкор чора-тадбирлар кўрилмаса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши таъкидланган эди.

Айни пайтда, Ўзбекистон банклари тарафидан бериладиган тўлов карталари бошқа мамлакатлардаги каби ишламаслиги фуқаролар учун қийинчиликларни келтириб чиқаради. Масалан, Ўзбекистонда пластик картага боғланган банк ҳисоб рақамидан нақд пул чиқариб олишнинг имкони йўқ. Картадаги пулни нақдлаштириш учун 10-20 фоиз устама тўлашга мажбур бўлади. Ёки дўконларда пластик карта билан савдо қилинганда товарнинг нархи одатда 10-20 фоизга қимматроқ бўлади.