Келиб чиқиши ўзбекистонлик ўсмир Қозоғистонда ўзига ўт қўйди

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган фуқаро Қозоғистон жанубидаги Жамбил вилояти маркази Тараз шаҳрида президент Нурсултон Назарбоев мансуб бўлган “Нур Отан” партияси биноси олдида ўзига ўт қўйди.

Қозоғистон Бош прокуратурасининг 24 октябрь куни билдиришича, Тараз шаҳри марказий майдонида шанба куни соат 10.30лар чамасида 1995 йилда Ўзбекистонда туғилган ва айни пайтда жанубий Қозоғистон вилоятининг Сайрам туманида яшаётган фуқаро Е.А. Бектибаев ўзини ёқиб юборган.

Бектибаев олинган жароҳатлар оқибатида шаҳар касалхонасида вафот этган. Ўлимидан олдин у ўзининг бундай ҳолатга тушишига полиция департаменти сабаб бўлганини, полициячилар унга мунтазам босим кўрсатиб келгани”ни айтган. Бектибаев охирги умиди “Нур Отан” партиясидан эканини айтганидан сўнг вафот этган.

Қозоғистон Бош прокуратураси мазкур воқеа юзасидан жиноят иши очилганини билдирди. Маълум қилинишича, ўзига ўт қўйган шахс бундан аввал оғир жиноят содир этганликда айбланиб судланган ва ўзига ўт қўйишидан аввал Тараз полицияси томонидан наркотик моддалар сақлашда гумонланиб қўлга олинган.