Андижон вилояти ички ишлар ходимлари Жалолқудуқ тумани Ойим қишлоғидан Муҳаммадризо Эргашевни электр чекловлари киритилганига эътироз билдиргани учун "ватан хоини"га чиқарганлар. 20 ёшли мактаб ўқитувчиси Эргашевнинг иддао қилишича, милиция ходимлари уни беш кун давомида ҳибсхонада ушлаб турганлар.
Андижон вилояти ички ишлар ходимлари Жалолқудуқ тумани Ойим қишлоғи турғуни Муҳаммадризо Эргашевни электр чекловлари киритилганига эътироз билдиргани учун “ватан хоини”га чиқарганлар.
Бу ҳақда Озодликка Ойим қишлоғида ўрта мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаётган 20 яшар Муҳаммадризо Эргашевнинг ўзи сўзлаб берди.
Муҳаммадризо Эргашевга кўра, 19 октябрь куни чекловлар юзасидан Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонасига шикоят қилиши ортидан милиция ходимлари уни беш кун давомида ҳибсда “овқатсиз ва сувсиз” ушлаб турганлар.
Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси масъул ходими Муҳаммадризо Эргашев иддаоларини рад этди.
Озодлик ҳодиса юзасидан Андижон вилояти ички ишлар идорасидан изоҳ ололмади.
“Адолат истаб”
Муҳаммадризо Эргашев Озодлик билан суҳбатда ўзи яшайдиган қишлоқда кунига "бор-йўғи икки соат" электр берилаётгани уни электр билан таъминлаш ташкилотларига мурожаат қилишга мажбурлаганини маълум қилди.
“Қишлоғимизда анчадан бери электр энергияси йўқ. Оиламизда кичкина чақалоқ бор акамнинг фарзанди. Ундан ташқари саксонга кирган бувим бор. Улар саҳар намоз ўқишда, иссиқ ва совуқ сув масаласида жудаям қийналаяптилар. Бизнинг қишлоққа газ умуман берилмайди. Фақат электр. Свет кунига бор-йўғи икки соат берилади. Кундузи бир соат, кечаси бир соат”, дейди Муҳаммадризо Эргашев.
У 300 минг сўмга яқин маош олиши ва бу ойликнинг 90 минг сўми электр тўловларига кетишини айтади.
Муҳаммадризо Эргашевга кўра, у “адолат истаб”, дастлаб Жалолқудуқ туман электр тармоқлари корхонасига, сўнгра вилоят аҳолисини электр билан таъминловчи ягона монопол ташкилот - Андижон ҳудудий электр тармоқлари акционерлик жамиятига шикоят қилган.
“У ерда 17-ми, 18-ми хонага киритишди. У ерда гавдали одам кутиб олди. Салом бердим. Ака шунақа электр масаласида келдим, электр йўқ анчадан буён, жуда берса, 1-2 соат бераяпти, қийналиб кетдик, десам, ука сиз икки минут ўтириб туринг, мен ҳозир қайтиб кираман, деди. Чиқиб кетди. Орадан беш дақиқа ўтиб, иккита милиционер кириб келди”, дея хотирлайди Муҳаммадризо.
Суҳбатдош сўзларига кўра, милиция ходимлари уни машинага солиб, ички ишлар бўлимига олиб кетишади.
“Ватан хоини”
Муҳаммадризо Эргашевнинг иддао қилишича, электр танқислиги бўйича билдирган шикоятини тинглаш ўрнига милиция ходимлари унга босим ўтказишга ўтганлар.
“Катта онахонимиз бор, чақалоғимиз бор, қийналиб кетдик, шу масала бўйича ойдинлик киритиш учун келдим, десам, сен ватан хоинисан, сен Ўзбекистон хоинисан, свет бўлмаса, ўтирасан тезак ёқиб, ўтин ёқиб...., деб мен билан ҳар-хил гапларни муҳокама қилишди. Ака, мен тўғри мақсадда келдим, ёмон ниятим йўқ, десам, сени беш-олти йилга қамаб юборишимиз мумкин свет масаласида танқид қилганинг учун, деди”, дея ҳикоя қилади Муҳаммадризо Эргашев.
Суҳбатдошнинг иддао қилишича, бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг, милиция ходимлари уни беш кун давомида ҳибсда “овқатсиз ва сувсиз” ушлаб турганлар.
“Олдинги ҳолатим билан ҳозирги ҳолатимда анча фарқ бор. Ҳеч нарса бергани йўқ менга. Мен унақа жойга биринчи марта киришим. У қоронғу жойларга умримда кирмаганман. Жудаям қўрқдим. Эшикни таққилатсам, биров жавоб бергани йўқ менга. Итга қарагандай қарашди”, дейди Муҳаммадризо Эргашев.
У 24 октябрь куни қўйиб юборилганини билдирди.
“Бундай бўлиши мумкин эмас”
Муҳаммадризо Эргашев илгари сурган иддаолар юзасидан Озодлик Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси масъул ходими билан суҳбатлашди.
“Бундай бўлиши мумкин эмас”, дея жавоб берди исмини ошкор этишни истамаган ходим.
Суҳбатдошга кўра, электр тармоқлари ташкилоти аҳолидан келган “ҳар қандай шикоятни ўз вақтида кўриб чиқади”.
Аммо у электр таъминоти масаласида аҳолидан “ора-сирада” шикоят бўлаётганини эътироф этди.
Унга кўра, октябрь ойидан бошидан буён вилоят аҳолисини электр билан таъминлашда чекловлар киритилган.
Масъул ходим Андижон вилояти бўйича электр узатиш кунига уч соатдан уч маротиба, жаъми тўққиз соат давомида узиб қўйиш баҳор мавсумига қадар давом этишини айтди.
Унинг таъбирида "қиш мавсумидаги чекловлар" аҳоли электр энергиясини қиш мавсумида меъёридан зиёд ишлатиши билан боғлиқ.
Ойим қишлоғи яшовчисининг ҳибсда беш кун давомида ушлаб турилгани борасидаги иддаоларига Озодлик Андижон вилояти ички ишлар идорасидан изоҳ ололмади.