"Ўзбекэнерго" электр узилишига аҳолининг ўзини айбдор қилди

“Ўзбекэнерго” ширкати бошқарма бошлиғи ўринбосари аҳоли электр токидан ёритиш эмас, сув иситиш ва исиниш учун фойдалангани боис, таъминотда узилишлар кўпайганини таъкидлади. Маҳаллий газетага берган интервьюсида мулозим аҳоли қарзининг ошиши ва чўғланма лампалардан фойдаланиш ҳам муаммонинг сабаби, демоқда. Озодликка келган шикоятларга кўра, аксар вилоятларда электр таъминоти суткасига 4-5 соатга тушиб қолган.

Токдан фақат ёритиш учун фойдаланиш мумкин

“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси бошқарма бошлиғи ўринбосари У. Ҳакимовнинг Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Дархон маҳалла фуқаролар йиғини, Доткуш қишлоғидан З.Назаров мурожаатига жавоби кўнгилочар "Даракчи" газетасида чоп этилди.

Фуқаро: "Ҳар йили октябр ойи ярмидан Яккабоғ тумани ҳудудида электр энергияси берилишида узилишлар пайдо бўлади. Бунга сабаб нима?" деб савол берган.

“Ўзбекэнерго” мулозимига кўра, бунинг асосий сабаби аҳолининг электр токидан фақат ёритиш учун эмас, балки сув ва уйларини иситиш учун фойдаланишидир.

Расмий жавобда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилдаги қарорига асосан аҳоли хонадонларида кучланиши 1000 вольтгача бўлган қўшимча электр қурилмаларидан фойдаланиши мумкин. Аммо, бу қурилмалардан уй ва сувни иситишда фойдаланиш мумкин эмас:

"Белгилаб қўйилганлигига қарамасдан иситиш ва иссиқ сув таъминоти учун фойдаланишлари оқибатида электр энергияга бўлган талаб кескин ошиб кетишига олиб келмоқда. Натижада энергетика тизимидаги аварияларнинг олдини олиш мақсадида 110 кВкучланишли ҳаво электр узатиш тармоғида УОН (устройства отключение нагрузки) автомат тизими ишлаш ҳолатлари кузатилмоқда", дея муаммога изоҳ беради “Ўзбекэнерго” мулозими "Даракчи" газетасига берган интервьюсида.

Республикада октябрдан эҳтиёж ошиб кетади

Бунга қадар Озодлик билан қатор суҳбатларда "Электр тармоқлари унитар корхонаси"нинг ҳудудий бўлимлари ходими октябрь ойи бошидан аҳолининг электр қувватига бўлган эҳтиёжи бир неча баробарга ошиб кетишини айтган.

Жумладан, корхонанинг Самарқанд вилоятидаги бўлимларидан бирининг ходими ўтган ҳафтадаги суҳбатда электр қуввати етказиб бераётган подстанциялардаги трансформаторларни куйишдан сақлаш учун ўрнатилган автоматлаштирилган тизим токни узиб қўяётгани айтган эди:

- Ҳар битта подстанцияда 2 тадан трансформатор бор. Энг каттаси 200 минг ваттлик. Лекин, линиядаги кучланиш 200 минг ваттдан ошиб кетса, автоматика узиб ташлайди, бўлмаса трансформатор куяди, - деган эди электросеть ходими.

Аслида аҳолига берилаётган ток жуда оз

Ўзининг қуйи бўғиндаги ходимидан олинган маълумотни расман тасдиқлаган "Ўзбекэнерго" мулозими жавобидан муаммода электр қувватидан нотўғри фойдаланган аҳолининг ўзи айбдор, деган мазмун келиб чиқмоқда. Аммо, Озодлик суҳбатлашган электросеть ходимлари аслида аҳолига берилаётган электр етарли эмас, деган хулосани тилга олган.

Таъминот тизими собиқ иттифоқдан қолган

Бу борада Озодликка муносабат билдирган мутахассислар эса муаммонинг асосий сабаби - Ўзбекистонда собиқ совет иттифоқидан қолган таъминот тизимининг каттагина қисми янгиланмагани ва ҳозирга келиб бир неча баробарга ошиб кетган аҳоли эҳтиёжига жавоб беролмаслигидир, деган фикрни билдиради.

Аҳоли қарздорлиги яна бир сабаб

"Ўзбекэнерго" мулозими муаммонинг яна икки сабабини тилга олган ва бу ҳам бевосита истеъмолчилар зиммасига юкланган сабаблардир.

Булардан бири аҳоли бўйнида йиғилиб қолган қарздорликдир:

"... электр энергиясидан қарздор бўлган истеъмолчиларни электр тармоқларидан узиш ҳамда режали таъмирлаш ишларини олиб бориш вақтида хавфсизликни таъминлаш мақсадида электр тармоқларидан алмашлаб улаш ишлари бажарилган", дейилади "Даракчи" газетасида мулозимдан келтирилган иқтибосда.

Тежамкор лампага босқичма-босқич ўтиш

Яна бир сабаб эса аҳолининг тежамкор лампалар эмас, балки чўғланма лампалардан фойдаланишидир:

"... Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 2 июлдаги “Энергияни тежайдиган лампалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва улардан фойдаланишга босқичма-босқич ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 161-сонли қарорига асосан чўғланма лампаларни замонавий тежамкор лампаларга алмаштириш, электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва мавжуд қарздорликни қисқа муддатларда бартараф этиш тавсия этилади", дея қашқадарёлик истеъмолчига тавсия беради “Ўзбекэнерго” Давлат акциядорлик компанияси бошқарма бошлиғи ўринбосари У. Ҳакимов.

Озодлик "Даракчи" газетасида берилган интервьюдан сўнг “Ўзбекэнерго” ширкатига боғланиб, номи тилга олинган мулозим билан суҳбатлашишга ҳаракат қилди, аммо мулозимнинг ишда эмаслиги айтилди.

Энергетик бўҳрон

Турли вилоятлардан ҳали қиш келмай туриб, электр таъминоти суткасига 4-5 соатга тушиб қолгани ҳақида шикоятлар кўпаймоқда.

Жумладан, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона, Наманган, Андижон вилоятларидан тунда умуман электр берилмаётгани, кундузги соатларда эса ҳар бир-икки соатда узилишлар билан бир кеча-кундузда жами 4-5 соат ток берилаётганидан шикоят бўлмоқда.

Кейинги йиллар давомида Ўзбекистон вилоятларида энергетик бўҳрон кучайиб бормоқда. Қишлоқ ва туман аҳолисига табиий газ узатиш бутунлай тўхтатилиб, аҳоли айниқса қиш мавсумида қаттиқ азият чекмоқда.

Ваҳоланки, ўтган йили Ўзбекистонда 55 млрд кВт/соат миқдорида электр энергияси ишлаб чиқарилган эди, бу йилги ўсиш суръатининг 2,33 фоизни ташкил этиши айтилган.

Аммо, ҳукумат хорижга сотилаëтган электр қуввати ҳажмини тинимсиз оширишда давом этмоқда. 2015 йилда Афғонистонга 1,5 млрд кВт/соат электроэнергия етказиб беришга келишилган. Афғонистондан ташқари Туркманистон, Эрон ва Тожикистонга ҳам электр энергияси экспорт қилинади.

Ўзбекистонда электр қувватига эҳтиёж ошишига асосий сабаб бўлган газ тақчиллиги ҳам йилдан-йилга кучаймоқда. Аммо, “Ўзбекнефтегаз” Туркманистондан бошланиб Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойгача етиб борадиган йирик газ қувури тармоқларига 2014 йилда 10 миллиард куб метргача газ етказиб берди.

Дунёнинг газ қазиб олувчи энг йирик давлатлар йигирмалигига кирган Ўзбекистон йилига 55-60 миллиард куб метр газ қазиб олади.

Ўзбекистон расмийларга кўра, табиий газ экспорти ҳажми 10-13 миллиард куб метрни ташкил қилади, қазиб олинган табиий газнинг асосий қисми эса ички истеъмол учун ишлатилади.