Чуст дўппи ва пичоқлари Хитойда ясалиб, Ўзбекистонда сотилмоқда

Ўзбекистон Амалий санъат музейига қўйилган дўппилар

Наманган вилояти Чуст шаҳрида пичоқ ясаб тирикчилик қиладиган усталар Хитойда ясаб олиб келинаëтган контрафакт пичоқлар боис бозорлари касод бўлаëтганидан нолишмоқда.

Маълум бўлишича, маҳаллий тадбиркорлар устига "Чуст" деб ëзилган пичоқларни Хитойда ясаттириб, Ўзбекистонда арзонга сотишаëтган экан.

Бу аснода “Халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2005 йил 28 мартдаги ПФ-3588-сонли фармони қисман ўз кучини йўқотгани маълум бўлди.

Наманган вилояти Чуст шаҳрида пичоқ ясаб тирикчилик қиладиган 44 яшар Аъзамжон уста Хитойда ясаб олиб келинаëтган контрафакт пичоқлар боис бозори касод бўлаëтганини айтади:

- Бизга пичоқчилик - ота касб. Қолаверса, Чуст пичоғининг донғи дунëга кетган. Шу пайтгача биз ясаган пичоқларни туристларга нарса сотадиган дўкондорлар келиб, оптом олиб кетарди. Кейин олмай қўйишди. Билсак, устига "Чуст" деб ëзилган пичоқларни Хитойда ясаттириб, олиб келиб арзонга сотишаëтган экан¸ - дейди Аъзамжон.

Йилига ярим миллион пичоқ

Чуст шаҳар ҳокимиятидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ яқин-яқинларгача чустлик усталар ясаган пичоқлар рақобатдан ҳоли тарзда кўп мидорда сотилиб келган.

- Мендаги рақмларга кўра, бундан икки йил олдин йилига ярим миллион чуст пичоғи сувенир сифатида сотилган. Яна шунча дўппи. Канаданинг Монреал ва Туркиянинг Измир шаҳарларида Чуст пичоқлари медаль олган. Икки йилча олдин "Фонд форум" чустлик усталарга ҳомийлик қилар эди. Ҳозир бу фонд йўқ бўлгани боис усталарни иши касод бўлмоқда. Хитойдан худди Чуст пичоғи ëки Чуст дўпписидек қилиб ишланган арзон-гаров копия нусхалар бозорни тўлдирди¸ - дейди мулозим.

Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг "Амалий санъатни қўллаб қувватлаш ҳақидаги қарор"и ва "Муаллифлик ҳуқуқлари ҳақидаги қонун" доирасида бу муаммони ечиш мумкин.

Фармон пичоқни ҳимоя қилмай қўйди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2005 йил 28 мартдаги ПФ-3588-сонли фармони қисман ўз кучини йўқотгани маълум бўлди.

Уй шароитида халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини ишлаб чиқариш бўйича якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан банд бўлган шахсларга берилган солиқ имтиёзининг амал қилиш муддати 2012 йилнинг 1-апрелида тугаган.

Бу эса ҳунармандларни қийин аҳволга солиб қўйган.

Чинда ясалган пичоқлар чин эмас

Озодлик ўз суриштируви давомида Чуст пичоқлари ва дўппиларини Хитойда ясаттириб келадиган бир нечта ширкат фаолият юритаëтганлигини аниқлади.

Чуст шаҳрида пичоқ ясаб тирикчилик қиладиган Аъзамжон устанинг айтишича¸ Чустлик И. исмли тадбиркор Хитой Халқ Республикаси Шинжон Уйғур вилоятидаги Абдуреҳим исмли тадбиркор фабрикасида Чуст пичоқларининг катта партиясини ясатттириб, Ўзбекистонга олиб келишни ташкил қилган.

- Бу тадбиркор аввалига биздан оптом пичоқ олиб турар эди. Тошкент ва Самарқанда сувенир дўконлари бор. Самарқанд ва Бухоро деган магниткаларни Хитойда ясаттиришга борганида ўзи билан бирга биз ясаган пичоқлардан бир –иккитасини олиб бориб, хитойлик усталарга кўрсатибди. Улар копия қилиб беришибди. Шу тариқа у Чуст пичоқларини катта миқдорда келтира бошлади. Лекин сифати йўқ¸ тез синади. Буни биз фарқига борамиз¸ лекин туристга барибир¸ - дейди уста.

Ўзбек дўпписи ҳам Made in China

Наманганлик блоггер Аббос Асаднинг ëзишича¸ Хитойдан Чуст дўппиларининг босма нусхаларини олиб келиб, арзон нархларда сотишмоқда.

Оқибатда эса, кўз нури, машаққатли меҳнат эвазига гули ипакдан тикиб тайёрланаётган нафис Чуст дўппиларининг бозори касод бўлмоқда. Ҳозирги кунларда тайёр бўлиши учун кам деганда уч, бўлмаса беш ёки етти кун сарфланадиган дўппни бозордан 50-70 мингга сотиб олсангиз бўлади. Оригинал дўппиларнинг арзонлигига қарамай, одамлар дўппининг босма нусхасини 3-5 минг сўмдан сотиб олишяпти. Республика божхоначиларнинг сиёсати ўзгармай қолса, миллий ҳунармандчилик намуналарини фақат музейдан топадиган вақтлар яқинлашмоқда," дея огоҳлантиради наманганлик блоггер.

Харидор ўзи ҳал қилсин

Андижонлик дўппидўз Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг айтишича¸ одамлар аллақачон “оригинал” дўппи билан Хитойда ясалган контарфактни фарқига боришмоқда.

- Хитойда печать қилиниб олиб келинган дўппиларни арзон гаровга олиб кирчи-мол сидатида кириб юрганлар йўқ эмас. Лекин харидор ҳақиқий дўппини қидириб бўлса ҳам, олаяпти. Энди Хитойда ҳамма нарсани ясашяпти. Чуст пичоғини ҳам, Андижон дўпписини ҳам. "Подводный лодкани" ҳам копия қиладику хитойликлар. Биз дўппидўзларни вазифаси эса - яхши дўппи тикиш. Харидор ўзи танлаб олади¸ дейди суҳбатдош.