Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг буйруғи билан ташкил этилган “Ойболта” гуруҳлари Хоразм вилоятидаги қарздор фермерларнинг мол-мулкини мусодара қилишни давом эттирмоқда. Озодлик манбаларига кўра, Янгибозор туманида қарздор фермерларнинг тракторлари ва шолиси тортиб олинган.
Ўтган ҳафтада Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида ўтказилган “Ойболта” тадбирида банклар ва таъминотчи корхоналардан катта миқдорда қарздор бўлиб қолган ўнга яқин фермернинг мол-мулки мусодара қилинди.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган янгибозорлик фермерлардан бирининг айтишича, милиция, прокуратура, суд ижро департаменти, банк, ҳокимият вакилларидан таркиб топган гуруҳ қарздор фермерларнинг техника ва шолисини зўрлик билан тортиб олган:
- Бизда ҳам қарзи катта фермерларнинг мошиналарини, тракторларини, янчиб олган буғдойу шолиларини ҳам олиб кетишяпти. Буни “Ойболта” тадбири дейишяпти. Сардор, Отаназар, Ўрозбой, Ҳамид, Қўзи складчи дейдиган фермерларнинг тракторлари, буғдойу шолиларини ҳам тортиб олишди. Фермерлар орасида норозилик кучаймоқда, деди янгибозорлик фермерлардан бири.
Янгибозор тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими “Ойболта” тадбири давомида банк ва таъминотчи корхоналардан қарзи қатта бўлган фермерларнинг мол-мулки мусодара қилинаётганини тасдиқлади:
“Бу фермерлар давлатга буғдой ва пахта сотиш режаларини бажаролмаган, катта кредитлар олиб ёполмаган, қарзлари юз миллион сўмдан ошиб кетган. Қарзларни ундириш учун шундай чора қўлланиляпти, бу ҳукуматнинг қарори, деди мулозим.
Шовот туманида истиқомат қиладиган Қаҳрамон Матёқубовнинг айтишича, фермерларнинг катта қарзга ботишида уларни ўзларининг ҳам айби бор:
- Айрим фермерларнинг қишлоқ хўжалигидан умуман хабари йўқ. Ким уларга ишониб ерни топширган? Улар ернинг “е” ҳарфини ҳам билмайди. Бу бир! Иккинчидан, фермерлар банкдан олган кредитларини ерга сарфламай енгил мошина, қорамол сотиб олишга харжлайди. Учинчидан, аксарият фермерлар пахта ерига шоли экиб ташлаган, шолидан олинган фойдани эса чўнтакка уради. Ҳокимият ҳам бекорга қилаётгани йўқ, бу ишларни. Ишламайдиган фермер ерни топшириб қўйгани яхши, дейди Қаҳрамон Матёқубов.
Озодликка ўз манбаларидан етиб келган маълумотга кўра¸ Бош вазир Шавкат Мирзиёев 12 октябрь кечқурун селектор йиғилишида ўзи туздирган “Ойболта” гуруҳи суст ишлаётганини танқид қилиб, маҳаллий ҳокимият ва куч ишлатар тизимларини фаолликка чақирган эди.
Ўтган ҳафтада Жиззах вилоятининг Арнасой туманида қарийб ўн кишидан иборат "Ойболта" гуруҳи уйма-уй юриб, қарздор фермерларнинг чорвасидан тортиб товуғигача олиб кетяпти.
“Ойболта” тадбирида пахта режасини бажармаган ёки банк ва таъминотчи корхоналардан қарздор бўлиб қолган фермерларнинг мол-мулки Суд-ижро департаменти, Адлия вазирлиги, ИИБ ва банк ходимлари томонидан рўйхатга олиниши ва қарздор фермернинг автоуловлари, чорваси мусодара қилиниши назарда тутилган.