Шу кунларда мамлакат бўйлаб фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер майдонлари ҳажмини кичрайтириш жараёни кетмоқда ва бу жараён “мақбуллаштириш”, деб аталмоқда.
“Мақбуллаштириш” – 2010 йиллар бошида амалга оширилган бошқа бир жараён – “оптималлаштириш”нинг аксидир.
“Мақбуллаштириш”ни амалга ошириш учун маъмурий-ҳуқуқий асос бўлувчи ҳужжатда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил қилиш юзасидан шу пайтгача амалга оширилган ишлар самарасиз бўлгани тан олинган.
Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссиясининг жорий йил октябрида бўлиб ўтган йиғилиши Баёнида (Озодликда ҳужжатнинг фотонусхаси мавжуд) соҳадаги вазият таҳлил этилгани ва масала юзасидан қабул қилинган қарор мазмуни акс этган.
Комиссия мана бу хулосага келган:
“Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда вилоят ва туман ҳокимлари бошчилигида қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан фермер хўжаликлари ер участкаларидан самарали фойдаланиш, уларнинг таъминоти ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан бўлган қарзларини қисқартириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини янада кўпайтириш ҳамда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш бўйича тузилган шартнома мажбуриятларини бажарилиши борасида амалга оширилаётган бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслиги аниқланди”.
Бош вазир Шавкат Мирзиёев етакчилигидаги Комиссия, “юқорида қайд этиб ўтилган салбий ҳолатларни зудлик билан бартараф қилиш <…> фермер хўжаликларининг ер участкаларини мақбуллаштириш мақсадида” қарор қабул қилганки, унинг энг муҳим бандларида фермерлар тасарруфида бўладиган ер участкалари ўлчамлари белгилаб қўйилди.
Ҳужжатга биноан:
аҳолиси зич жойлашган Андижон вилояти, Фарғона, Наманган, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманларида пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги фермерларнинг экин ер участкалари ўлчамлари 70-80 гектаргача;
Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, ва Сурхондарё вилоятларидаги пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги фермерлардаги экин ер майдонлари ўлчамлари 80-100 гектаргача;
Мамлакат бўйлаб боғдорчилик-узумчилик ва сабзавот-полизчилик йўналишидаги фермерларнинг экин ер майдонлари ўлчамлари 15-20 гектаргача қилиб белгилаб қўйилди.
Отадан ўғилга мумкин эмас
Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссияси қарорида, шунингдек, “ер ижара шартономаси бекор қилинган фермер хўжалиги раҳбарининг яқин қариндошига янгидан фермер хўжалигини ташкил этиш қатъиян ман этиб қўйилди”.
Қарорнинг 5- ва 7- бандлари музмунидан фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер участкаларини мақбуллаштириш жараёни 2015 йилнинг 1 декабригача якунига етказилиши шарт эканлиги тушунилади.
Айтдию қайтди
Шу кунларда амалга оширилаётган “мақбуллаштириш” – 2010 йиллар бошида амалга оширилган бошқа бир жараён – “оптималлаштириш”нинг аксидир.
Оптималлаштиришнинг натижалари тўғрисида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги расмий сайти Қашқадарё вилояти мисолида мақтаниб, 2011 йилнинг 23 июнида мана бу гапларни ёзган эди
“Натижалар таҳлили шуни кўрсатиб турибдики, фермер хўжаликларини оптималлаштириш жараёнида Қашқадарё вилоятида фермерларнинг умумий сони 24 фоизга қисқарган. Эндиликда бир фермер хўжалигига ўртача 102 гектардан ер майдони тўғри келмоқда”.
Тахмин қилиш мумкинки, вазирлик келаси йил январида Қашқадарё вилоятида фермерлар сони ошгани тўғрисида мақтаниб ёзади.
Далалардан дараклар
Мақбуллаштириш жараёни шу кунда авжида эканлиги жойлардан олинаётган хабарлардан кўриниб турибди.
Жиззах вилояти, Бахмал туманида яшовчи Очил Мирзаевнинг айтишича, шу кунда “барча фермерлардан ариза ёздириб олинган”
Суҳбатдошимиз аризалар мазмунидан бехабарлигини тан олди. Лекин унинг ишонч билан айтишича, “ўша аризаларни комиссия кўриб чиқади ва кимнинг еридан қанчасини қолдириб, қанчасини бошқа одамга ўтказиб берилишини ҳал қилади”.
Фарғона вилояти, Фурқат туманидаги “Тажриба ва Одил” фермер хўжалиги раҳбари Очил Бегматов Озодлик билан суҳбатда бундай деди:
“Мен олган ер – 16 та фермер ташлаб қочиб кетган ер. Бу ерга мен жуда катта пул сарфлаганман, сув чиқарганман. Энди менинг еримни бўлиб ҳар бир кишига 70 гектардан қилиб бўлиб берармиш”.
Фарғоналик фермернинг гаплари мақбуллаштириш жараёнининг сабаб ва муҳтамал оқибатлари тўғрисидаги таҳлилий мақолага муқаддима бўладиган даражадаки, бу ишни бошқа кунга қолдирамиз.